Ёлғон мўминга қилинган хиёнатдир
Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир домла РЎЗИЕВ билан суҳбат
Аввало, сўнгги пайтларда навоийликларнинг диний соҳага бўлган қизиқиши, ўсиш-ўзгаришлар эътирофга арзирли эканини айтиб ўтиш ўринлидир. Бундан беш-олти йил аввал келганимиздаги тасаввур билан бу галгиси анча фарқ қилди. Мисол учун, бизга меҳмонхона маъмурлари ҳам динга доир саволлар билан мурожаат қилишди. Навоий шаҳрининг марказий кўчасига кўрк бўлиб турган масжид кўнгилга сурур бағишлади…
– Ассалому алайкум домла! Суҳбат мавзуси бугунги кунда кенг тарқалган иллатлардан бўлмиш ёлғончилик ҳақида…
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ! Ростдан ҳам бугун жамиятда бу иллат илдиз отди. Авваллари кишилар ҳеч бўлмаса бировнинг олдида алдашга ийманар эди. Ҳозир ҳатто алдагани билан фахрланадиган ақли ноқислар учрайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга етаклайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Яна Навос ибн Самъон розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродаринг сени тасдиқлаб, сенга ишониб турганида, унга ёлғон гапиришинг катта хиёнатдир”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Ёлғон гапириш, ёлғон кўрсатма бериш энг зарарли ишдир. Шу боис ёлғон гуноҳи кабира саналади. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 3-оятида: «Аллоҳ ёлғончи ва ношукур кимсаларни ҳидоят қилмас» ҳамда: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (Ғофир сураси 28-оят), деб марҳамат қилган.
– Халқимизда: “Яхши билан юрсанг, етарсан муродга, ёмон билан юрсанг, қоларсан уятга”, деган нақл бор…
– Буюк Аршнинг соҳиби Аллоҳ таоло ёлғон гапиришнинг оғир гуноҳлигини, унга мўминлар яқинлашмаслигини уқтиради. Шундай экан, банда дўст танлашда ҳам эҳтиёткор бўлмоғи лозим. Мўмин киши нафақат ёлғондан узоқ туриши, балки ёлғончи кимсаларга ҳам яқин йўламаслиги керак. Қуръони каримда: «(Эй Муҳаммад!) Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутган (мунофиқ)ларни кўрмайсизми?! У (мунофиқ)лар сизлардан (мусулмонлардан) ҳам, улардан (яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар. Яна улар билиб туриб, (“Биз мусулмонмиз” деб) қасам ҳам ичурлар» (Мужодала сураси, 14-оят).
Ўйлаб кўринг, биргина ёлғонга ишонган, уни рост деб гумон қилган Одам алайҳиссалом жаннатдан қувилди. Шу туфайли барчамиз Ер юзида дунёга келиб, вафот топамиз. Демак, бизнинг синовимизда ҳам бу иш бор…
– Юқоридаги оятда келгани каби кишига ўзини дўст тутадиган мунофиқлар ёлғоннинг кони бўлишади. Уларни таниб олишда баъзан адашамиз ҳам…
– Уларни яхши таниб олиш учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни доимо ёдда сақлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонатга хиёнат қилади» (Муттафақун алайҳ).
Ҳозирги замонамизга келиб барчамизга таниш бўлган, баъзан эса бундан ўзимиз ҳам азият чекадиган ёлғоннинг бошқа турлари ҳам борки, булар ҳақида ҳам ишончли – саҳиҳ ҳадислар талайгина: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Уч тоифа одамга қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларга (раҳмат назари билан) қарамайди, уларни (гуноҳлардан) покламайди ва уларга аламли азоб бўлади: саҳрода ортиқча суви бўла туриб, уни йўловчиларга бермайдиган кимса; асрдан сўнг, аслида ундай бўлмаса-да, ўзи уни фалон нархга олганига ишонтириш учун Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб матосини сотган кимса; амирга мол-дунё илинжида байъат берган, шунинг учун агар унга хоҳлаган нарсасини бериб турса, аҳдига вафо қилиб, бермай қўйса, аҳдини бузадиган кимса”» (Имом Бухорий ривояти).
Кўрмаган тушини “кўрдим”, деб ёлғон хабар бериш ҳам шулар қаторига киради.
Ҳадиси шарифда: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Имом Баззор ривояти). Демак, мунофиқ саналмаслик, ҳақиқий мўмин бўлиш учун ҳам ростгўйлик шарт.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.