Қўрқув
Бу каттаю кичик, эркагу аёлда мавжуд бўлган руҳий ҳолатдир. Агар у болаларда меъёрида бўлса, ижобий баҳоланади, чунки болани ҳар хил фалокатлардан ўзини эҳтиёт қилишга ва хавф-хатардан омонда бўлишига ундайди.
Ўзини сабабсиз айбдор ҳис қилиш. Болаларда учрайдиган руҳий ҳолат бўлиб, у туғма ҳамда касаллик, нотўғри тарбия ёки оиладаги баъзи муаммолар оқибати бўлиши мумкин. Бундай ҳолат боланинг жамиятдан ажраб, боши берк кўчаларга кириб қолишига сабаб бўлади.
Агар биз болада учрайдиган барча салбий ҳолатларнинг сабаблари ва исломий ечимларини ўрганадиган бўлсак, ушбу руҳий муаммони алоҳида тафсилоти билан кўриб чиқишимиз керак бўлади. Бола ўзини айбли ҳис қилишига олиб келадиган омиллар асосан қуйидагилардир:
Таҳқирлаш.
Ортиқча эркалаш.
Болаларнинг биридан иккинчисини устун қўйиш.
Тана аъзоларидаги нуқсонлар.
Етимлик.
Камбағаллик.
Ҳақорат қилиш, таҳқирлаш болани руҳий хасталикка олиб келадиган, ўзига ишончини йўқотадиган сабаблардандир. Кўпинча болалар бирон ножўя иш қилиб қўйсалар, ота-оналари уларни қаттиқ койишади. Албатта, бола ўша ишни атайлаб эмас, билмасдан, ҳаётий тажрибанинг йўқлигидан қилиб қўяди. Баъзан мажбур бўлади ҳам. Ота-онасидан қўрққанидан, танбеҳ эшитмаслик учун ёлғон ҳам гапириб юборади. Шунда ота-она: “Сен ёлғончисан, икки дунёда ҳам одам бўлмайсан”, деб яна уришади. Аслида, боланинг ёлғон гапиришига, айбини бўйнига олмаслигига катталарнинг ўзи сабабчи бўляпти. Халқимизда “сен” ҳам, “сиз” ҳам бир оғиздан чиқади, деган нақл бор. Бола ҳадеб “сен”ланаверса, силтанаверса, қўрс, “ичимдагини топ” бўлиб қолади.
Болаларни, айниқса, ака-укалари, тенгдошлари, таниш-билишлар, қариндошлари олдида уялтирмаслик, койимаслик керак. Бу ҳол болани ўзига паст назар билан, бошқаларга эса адоват ва ҳасад билан қарайдиган қилиб қўяди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бундай воқеа бўлади:
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) олдиларига бир ота ўғлининг тарбиясидан шикоят қилиб келди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) ўғилни чақиртириб, отасининг ҳақини поймол қилаётгани ва унга итоатсизлиги учун койиди. Шунда бола:
– Эй мўминлар амири, отанинг зиммасида боланинг ҳақлари ҳам борми? – деб сўради.
Умар (розияллоҳу анҳу):
– Ҳа, бор, – деди.
– Улар нималар, эй мўминлар амири? – деб сўради йигит.
– Болага яхши она танлаш, унга чиройли исм қўйиш ва Қуръондан таълим бериш.
Буни эшитиб, йигит ҳазрат Умарга (розияллоҳу анҳу) деди:
– Эй мўминлар амири, отам буларнинг бирортасини ҳам қилмаган. Онам бир мажусийнинг қора танли чўриси бўлган, менга Жуъал (яъни, гўнг ейдиган қўнғиз) деб исм қўйган, Қуръондан бирор ҳарф ўргатмаган.
Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) отага қараб: “Сен болангнинг сенга оқ бўлаётганидан шикоят қилиб келибсан-у, лекин у сенга оқ бўлишидан олдин сен унга оқ бўлган экансан, у сенга ёмонлик қилишидан илгари сен унга ёмонлик қилган экансан”, деди. Бу қанчалик ибратли ҳикоят! Ота-она боласида бирон-бир қусур кўрса, сабабини аввало ўзидан қидирсин. Боладаги яхши хулқ ҳам, ёмон хулқ ҳам ота-онаси хислатларининг акс-садоси ҳисобланади. Бола бир кўзгудир, унинг хулқига қараб, ота-онасига баҳо берилади. Бола ширин гапнинг гадоси, яхши гап билан илон инидан чиқибди, дейдилар. Яхши тарбия ҳалимлик ва сабр-тоқат мевасидир.
Имом Аҳмад яхши иснод билан Абу Умомадан ривоят қилишича, бир йигит Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг зино қилишимга рухсат берасизми?” деди. Буни эшитган саҳобалар бақириб юборишди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни менга яқин келтиринглар… Менга яқин кел,” дедилар. У йигит Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб ўтирди. Расулуллоҳ унга: “Онанг учун ҳам мана шу ишни ёқтирасанми?” дедилар. У йигит: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, асло йўқ,” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг барчаси шундайдир, бундай жирканч ишни оналари учун раво кўрмайдилар. Қизинг учунчи?” дедилар. Йигит (яна): “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Буни бошқа инсонлар ҳам қизларига раво кўришмайди. Синглингга раво кўрасанми?” дедилар. Йигит: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ,” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Бошқа) инсонлар ҳам шундайдир, опа-сингиллари учун буни раво кўришмайди…” Шу аснода Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у йигитга аммаси ва холасини зикр қилдилар. Йигит эса, барчаси хусусида “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг кўкрагига муборак қўлларини қўйдилар-да: “Ё Аллоҳ, бунинг қалбини покла, гуноҳини мағфират қил ва фаржини (зинодан) сақлагин,” деб дуо қилдилар. Шунда у йигит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларидан зинодан кўра жирканчлироқ нарса йўқлигини англаб чиқиб кетди.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм