Бадан, қалб, сир ва руҳлардаги фарқлилик нурлардаги фарқлиликдандир
Бир киши шундай савол берди: “Ислом, имон ва эҳсон нурларининг даражаси сиз шарҳлаганингиздек бир-биридан фарқлидир. Ҳазрати пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари уларнинг тафовутига далилдир. Бу фарқли нурларнинг тобланиш макони бўлган руҳ, сир ва дил каби тан аъзоларининг ҳақиқатидан бизга хабар беринг? Булар асл яратилишда фарқли бўлганми ё бир хил бўлганми? Айрича, пайғамбар ва авлиёларнинг тан ва диллари илк яратилишда бошқача яратилганми ёки бошқа инсонларнинг руҳ ва сирлари каби яратилганми?”
Жавоб: Муваффақ қилувчи Аллоҳ таолодир. Бу ҳолатни кўрган баъзи басират аҳли бу қисса ва ҳолат ҳақида айтдиларки: “Нурлар фарқли бўлганидек, танлар, қалблар, сирлар ва руҳлар ҳам яратилишнинг аслида фарқли бўлганлар”. Аҳли басиратнинг баъзи пешқадам ва улуғлари эса бундай демишлар: “Бадан, қалб, сир ва руҳлардаги фарқлилик нурлардаги фарқлиликдан келиб чиқади. Аммо илк яратилишда Одам болаларининг тан, дил, сир ва руҳлари бир хил бўлган.
Салафларимизнинг инсон фитратлари фарқлилигига доир далиллари шундай: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бир саҳиҳ ҳадиси шарифда ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) буюрадилар:
إنما الناس معادن خيارهم في الجاهلية خيارهم في الإسلام إذا فقهوا.
“Инсонларни маъданлар каби билинг. Жоҳилият даврида фикр-тушунчаси дуруст бўлган инсонлар исломдан хабардор бўлгач, исломда ҳам фикр-тушунчаси дуруст бўлади”[1]. Шариат соҳиби Муҳаммад (алайҳиссалом)дан ҳудди шу маънода яна бир ҳадиси шариф нақл қилинади:
الناس معادن كمعادن الذهب والفضة.
“Инсонлар олтин ва кумуш маъданлари кабидирлар”. Мазкур икки ҳадис шарҳининг хулосаси қуйидаги ҳадиси шарифда мужассамдир: “Албатта, Аллоҳ таоло Одамни ер юзининг юмшоқ, қаттиқ, нопок ва покиза тупроғидан яратди. Бу юмшоқлик, қаттиқлик, нопоклик ва покизалик одамнинг вужудида миқдорига кўра ёнма-ён ўрнашди”[2].
Фитратларнинг фарқлилиги, яратилиш ва табиатлар ранг-баранглиги тўғрисида мазкур пайғамбарона изоҳдан ҳам ўтказиб бирор фикр айтиш имконсиз. Пайғамбар (алайҳиссалом) оламни нарсанинг ҳақиқатига ташбеҳ этдилар: Одам фарзандларининг яратилишини тоғлардаги олтин ва кумуш маъданларига ўхшатдилар. Одамнинг сурати ва табиати тоғ янглиғ. Ахлоқдаги қаттиқлик, юмшоқлик, тўғрилик, эгрилик, фитратдаги бўйсунувчанлик ва саркашлик олтин, кумуш, мис, темир, ғишт, тош, дарахт ва сув маъданларига ўхшайди. Баъзи тоғлар олтин конидир, айримлари кумуш кони, бошқалари ғишт кони, яна бирлари темир ва туз кони. Шундай жойлар борки, сувли ва дарахтзордир. Баъзиларида эса сув ва дарахт бўлмай, тошу тупрокдан иборатдир.
Бу фарқли конларни инсон табиати билан қиёслаб, шундай дейиш мумкин: яратилиши жиҳатидан сокин табиатли киши қўрқувни кетказувчи, хулқи раҳмат келтирувчи, суҳбати фаҳму идрокни очувчи бўлади. Бошқа бир табиат зоҳирда баданларга мунис, ботинда жонларга сурур бахш этади, суҳбатда жароҳатларга малҳамдир. Яна бошқа бир фитратнинг сурати чиройли, аммо сийрати хунук, муомалада қўпол ва қўрс бўлса, бошқа бир табиат борки, сурати қабиҳ, лекин сийрати сара ва мақбул, муомалада эса юмшоқ ва раҳмли бўлади. Бошқа бир фитрат борки, кўринишда катта, иш ва амалда кучли бўлади. Бошка бир фитрат борки, жуссаси заиф кўринсада, аслида куч-қувватли, иш-амалда етук бўлади. Яна бошқа табиат борки, кўринишда дангаса кўрингани билан маънода оқил, иш юритишда ўта чаққон ва моҳирдир.
Саҳоба Салим (розияллоҳу анҳу) отасидан нақл этган қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шариф ахлоқ ва ақллар фарқлилигига яна бир далилдир. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар:
إنما الناس كالإبل المائة لا تكاد تجد فيها راحلة.
“Инсонлар тарқоқ ҳолда ўтлаётган, лекин ораларида минишга арзийдиганини топиб бўлмайдиган туялар кабидирлар”[3]. Юқори ва пастки малакутни билган Муҳаммад (алайҳиссалом) аъмол ва аҳволда инсонлар табиатининг турли-туманлигига ишора қилиб, мазкур ҳадисда тарқоқ туялар билан миниладиган туяларни мисол келтирдилар. Бу ҳадиснинг маъноси шундай: туялар кўп иш бажаради, лекин уларда маънавий ҳол етишмайди. Шу боис юк ташийдиган юзта туя орасида битта сифатли ва хос туя бўлиши керакки, у қолганларни биёбонга томон етаклай олсин. Худди шунингдек, дунёда юз мингта ҳофизи Қуръон тўғри йўлда юрсалар ҳам, улар орасида тариқатга оид сўзларнинг сирру маъноларига етадиган бир йўлбошчи – муршид бўлсин. Шу учун Ҳақ таоло Қуръони каримда:
ﭽ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﭼ
“Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят), дейди.
Саҳиҳ манбалардан ўрин олган қуйидаги ҳадиси шариф руҳларнинг фарқли бўлганлигига далилдир:
إن الأرواح جنود مجندة ما تعارف منها ائتلف وما تناكر منها اختلف.
“Руҳлар қатор саф тортган лашкарлар кабидир. (Руҳлар оламида) бир-бирлари билан танишганлар (мунис бўлганлар) (дунёда) бир-бирлари билан улфат бўлурлар. Бир-бирини инкор этганлар эса (дунёда) бир-бирларига (ҳамдам бўлолмайдилар) ихтилоф қиладилар”[4].
Руҳларнинг мақом ва манзилларидан хабар берувчи доно пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдиларки:
“Руҳлар гуруҳ-гуруҳ, фирқа-фирқа, тоифа-тоифадирлар”. Агар руҳларнинг мақому манзиллари бир-хил бўлганда эди, алоҳида-алоҳида гуруҳлар ҳолида бўлмас эдилар. Яна пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) руҳларнинг икки хусусиятидан сўз юритдилар: “Танишиш ва бегоналашиш, улфат бўлиш ва ихтилоф қилиш”. Танишиш ва бегоналашиш, баданлар яратилишидан аввал (руҳлар оламида) содир бўлади. Улфат бўлиш ва ихтилоф қилиш эса баданлар яратилгач рўй беради.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаноблари руҳларнинг бу икки хусусиятини изоҳлаб дедилар: “Аллоҳ таоло руҳларни жасадлардан тўрт минг йил олдин яратди. Ўшанда улар отлар ҳидлашгани каби бир-бирларини ҳидладилар, танишдилар…”[5]. Демак, баданлар яратилмай туриб, Ҳақ таоло руҳларни вужудга келтирди. От ўз жинсдошини ҳидидан таниб, бегоналардан ажрата олгани каби, ҳар бир руҳ ҳид орқали ўз жинсдошини танийди. Араб ҳам, ажам ҳам ўз жинсдошини ҳидидан танийди. Худди шунга ўхшаб, расуллар ва набийлар ҳид орқали бир-бирларини танидилар ва ўзаро йўлдош бўлдилар. Авлиёлар, сиддиқлар, дўстлар, мухлислар ва яқин аҳллари ҳам бир-бирларини ҳид орқали танидилар ва ўзаро ҳамроҳ бўлдилар. Бегоналар, фасодчилар бадбўй ҳид орқали танидилар ва бир-бирларига етишдилар. Ҳар бир киши ҳид орқали ўз жинсдошига яқинлик қилгани ва бошқа жинсдошларига нафрат билан қарагани учун ҳам одамлар гуруҳ-гуруҳ, фирқа-фирқага бўлинди. Шу жиҳатдан ҳам аниқ бўлдики, руҳларнинг ўз жинсдошларини таниши ва бошқа жинсдошларини инкор қилиши жасад яратилишидан аввал рўй берган…
Баданни яратиш навбати келганда руҳ баданга кирди. Танишиш ўзаро мувофиқликка, инкор қилиш эса ихтилофга сабаб бўлди. Бир-бири билан танишган руҳларнинг қалблари ўзаро уйғунлашди. Бир-бири билан танишмаган руҳларнинг қалблари эса бир-бирига мухолиф-қарши бўлди. Қалбларнинг уйғунлашуви баданларнинг жамланишига сабаб бўлди. Қалбларнинг ихтилофи эса жасадларнинг узоқлашувини юзага келтирди. Яъни, аввал руҳларнинг улфатлашуви ва ихтилофи рўй беради, кейин қалбларнинг мувофиқлиги ва мухолифати ҳосил бўлади ва ниҳоят, баданларнинг бирлашиши ёхуд йироқлашуви содир бўлади.
Қалб чарх кабидир, бадан эса тегирмон тошига ўхшайди. Сув машийят (ирода олами)дан ҳукм дарёсига қўшилиб оқиб, қалб чархига келиб урилади. Қалб айлана бошлайди, сув кўпайгани сайин чарх ҳам тезроқ айланади. Чарх тез айланса, тош ҳам тезлашади ва буғдой, арпа, тариқ, кунжут ва ҳоказоларни ўз қоидасига мувофиқ янчади.
[1] Имом Бухорий. Анбиё. 8-ҳ; Имом Муслим. Фазоил. 168-ҳ.
[2] Али ал-Муттақий. Канз ул-уммол. Байрут, 1985. VI, 129-6; Суютий. Ал-Жоми ус-сағир. I, 70-6.
[3] Имом Бухорий. Риқоқ. 35-ҳ; Имом Муслим. Фазоил ус-саҳоба. 232-ҳ; Имом Аҳмад. Муснад. II, 44-6.
[4] Имом Бухорий. Анбиё. 2-ҳ; Имом Муслим. Бирр. 159-ҳ.
[5] Шавқоний. Фавоид ул-мажмуа. 332-6.

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 9000 сўм