Зўравонликка барҳам берилади(ми)?
Кўп йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган аёл ҳикояси
“Бой” қудаларнинг ваъдаларига ишониб, қизимни университетни битиришини ҳам кутмай узатдик. Куёв зиёли, ҳуқуқшунос. Қизимни сабабсиз эрининг, қайнонасининг олдида қиморвоз қайнукаси уриб-тепар экан… Бўйида борлигида ҳам урганидан кейин чидолмабди. Эри, қайнонаси (қайнотаси оламдан ўтган)га бунга ортиқ чидолмаслигини айтганида, “чидасанг шу…” деган жавобни эшитибди.
Ҳатто қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳам бу бехосият ўғилдан ўзларини четга олишган. Участка нозирига чиқмоқчи бўлган қизимнинг йўлини эри тўсибди. “Бу гаплар ишхонамга етиб борса, менга гап тегади…”
Эртаси куни зиёли куёв қизимни уч ойлик боласи билан уйимизга ташлаб кетди…
* * *
Н.Ғ. турмушга чиқаётган эркакнинг аввалги аёли вафот этгани, тўрт нафар норасидаси борлигини билар эди. “Онали етим – гул етим, отали етим – шўр етим”, деб бекор айтилмаган экан. Н.Ғ.га тегишли уйнинг бекаси бўлишига шу норасидалар тўсиқ бўлаётгандай туюлгани учунми, ҳимоясиз болаларни қийноққа солишни одат қилди. Унинг зуғуми ошгандан ошган, “Бировга айтсанглар, баттар қиламан”, дея мурғак болаларни муттасил қўрқув остида ушлаб турган. Болалар ўгай онанинг қилмишлари ҳақида тоғаларига хабар бергунига қадар бу азоблар давом этди…
Савол туғилади: “Наҳотки, одамлар шу қадар бефарқ?” Ахир, боланинг кўнглидаги кечинмаларни кўзларидан ҳам билиб олса бўлади-ку! Нега биров улардан ҳол сўрамаган, эътибор қилмаган?
Ёвуз ўгай она-ку қилмишига яраша жазосини олди. Лекин шундай азобларни бошидан кечирган мурғак болалар у кунларни унута олармикин?
* * *
Ёш келин-куёвнинг аҳиллиги ҳамманинг ҳавасини келтирар эди. Аммо Тоштемир арзимас оилавий муаммоларни важ қилиб Мазлумани калтаклашни одат қилди. Туғилган фарзанд ҳам бу оилага ҳузур келтирмади.
Ота-онасига айтсинми ёки ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилсинми? Фарзандининг тақдири нима кечади? Мазлума нима қиларини билмай, хўрликларнинг ниҳоясини кутиб чарчади. “Турмуш – мушт, хотин эрнинг муштига чидаши керак-да”, дейишдан бошқасини билмаган қайнотадан ниманиям кутиш мумкин?
Аёл қисмат қучоғида ёлғиз қолиб кетди. Унинг изтиробларидан қариндош-уруғи ҳам, маҳалла-кўй ҳам хабар олмади. Эрининг узлуксиз хўрлашларига унинг бардоши етмади: оғир гуноҳга қўл урди – ўз жонига қасд қилди. Афсуски, хўрлаш, зулм ва жаҳолат боис бундай гуноҳга журъат қилган биргина Мазлума эмас…
* * *
Уч ҳикояда баён қилинган воқеалар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Аммо сўнгги пайтда улар кўпайиб бораётгандай, назаримизда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига кўра, зўравонликка учраган аёлларга ёрдам тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга қаратилган. Яъни
эндиликда оилавий зўравонлик масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилади. Сабаби, бу масала жиддий ижтимоий муаммога айланиб бормоқда.
Статистик маълумотларга кўра, оилавий зўравонликдан асосан аёллар ва болалар жабр кўриши маълум бўлади.
Яқинда ҳудудларимиздан бирида аёллар (асосан келинлар) ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 14 фоизи оила аъзолари томонидан камситилиши ва эри томонидан ҳақоратланишини, 9 фоизи оилада куч ишлатилгани ёки калтакланганини маълум қилишган.
Демак, муаммо мавжуд ва борича ўзини намоён қилиб турибди. Ушбу қарор бу борада катта аҳамиятга эга. Қарорга мувофиқ, эндиликда аёлни ўз жонига қасд қилишга олиб келадиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олишга қаратилган ишлар, яъни профилактика чора-тадбирлари кучайтирилади: маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар тизими ҳамкорлигида “хавф гуруҳи” аниқланиб, тушунтириш, огоҳлантириш ва зарур бўлса, жазолаш чоралари қўлланиляпти.
Оилавий-маиший зўравонликка учраган аёлга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва уни ҳимоя қилиш учун реабилитация ва мослашув марказлари очилди. Оилавий-маиший зўравонликка учраган аёл шу марказлардан паноҳ топиши мумкин. Уларга маълум муддатга бошпана, ош-овқат, мутахассислар (врач, психолог ва ҳ.к.) ёрдами берилади, зарур бўлса, ички ишлар ходимлари чақирилади.
Ҳозир мамлакатимизда зўравонликдан жабр кўрганларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ҳамда 197 та ҳудудий марказ фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан 2018 йилда 7463 нафар, 2019 йилнинг 9 ойида эса 9800 дан ортиқ оғир вазиятга тушиб қолган аёлга тиббий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатилди.
Эътиборлироқ бўлсак, қариндошларимиз, дугоналаримиз, танишларимиз, қўшниларимиз, умуман, юртдошларимиз орасида оилавий-маиший зўравонлик ҳолатлари камайишига ҳисса қўшган бўламиз.
Фазилат ЁДГОРОВА
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан