Нафсга қарши курашиш – комиллик калитидир
Ҳар бир мусулмон ўз нафсини тарбиялаб, сайқаллашга муҳтож. Зеро, ўз ҳолига ташлаб қўйилган нафс ёмонликларга буюришдан тўхтамайди. Нажот – нафсга қарши курашиш, уни ҳаромдан тийишдадир. Шу сабаб уламолар: “Нафсга қарши курашиш, душманга қарши курашиш билан баробар. Душманнинг энг каттаси шайтон бўлса, сўнг нафсдир. Чунки нафс Аллоҳни ғазаблантирадиган ҳаромга олиб борувчи лаззатларга чорлайди. Шайтон эса бунга ёрдам бериб, зийнатлаб кўрасатади”, дейишади. Бир киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан жиҳод ҳақида сўраганда у зот бундай деган: “Нафсингдан бошла, унга жиҳод қил. Нафсингдан бошла, унга ғазот қил”.
Ҳавои-нафс ва шайтон кишини йўлдан уриш, шаҳватларни чиройли кўрсатиш ва тоат-ибодатдан узоқлаштиришга уринадиган душмандир. Мақсадига эришиш учун улар бетўхтов хуруж қилиб туришади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс агар Раббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир” (Юсуф сураси, 53-оят).
Дарҳақиқат, адашган, бидъатчи, кофир, даҳрий кимсалар тушунмаган ёки қониқмаганларидан эмас, балки ҳавои-нафсларига эргашганлари сабаб ҳақдан юз ўгиришган.
Ҳою ҳавасга бўйсунган, унинг рағбатларига ўзини топширган кимса нафсининг қулидир. Бундай кимса ақли нотўғри деб билган нарсаларга ҳам кўр-кўрона эргашаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг наздида – ер юзида одамлар сиғинадиган ва эргашадиган маъбудлар орасида нафс-ҳаводан-да ёмонроғи йўқ”, деб огоҳлантирганлар.
Ўз нафсини жиловлай олмай, ёмонликларга қўл урган киши азизу мукаррамликдан мосуводир. Қуръони каримда бундай келади: “Батаҳқиқ, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришди. Ва батаҳқиқ, ким у (нафс)ни кирласа, ноумид бўлди” (Шамс сураси, 9–10-оятлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳавойи нафси йўлдан урадиган, нафс қули бўлган банда нақадар ёмондир”, деганлар (Имом Термизий риовяти).
Нафс – инсоннинг ички душмани. Унга қарши курашиш катта жиҳод ҳисобланади. Фузола ибн Убайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳнинг таоти учун нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир” (Имом Термизий ривояти). Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсига қарши буюк мукаммал жиҳоддир”, деган.
Нафснинг икки сифати бор: шаҳватларга шўнғиш ва тоатлардан бош тортиш. Унга қарши кураш ана шу иккисини тийиш билан бўлади. Инсон нафсига қарши курашар экан, нафақат гуноҳ ва шубҳали нарсалардан, балки баъзи мубоҳ ишлардан ҳам сақлаши керак. Чунки мубоҳнинг кўпи шубҳали ишларга, шубҳа эса ҳаромга олиб боради. Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Нафсга қарши курашишнинг асли, уни ўрганиб қолган нарсаларидан қайтаришдир”, деган. Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Уламолар нафсни хоҳишларидан қайтармасдан ва шаҳватларига қарши чиқмасдан туриб охират саодатига эришиб бўлмаслигига иттифоқ қилишган”, деб айтган.
Аллоҳ таолони таниган, неъматларига шукр қиладиган банда нафсига қарши курашади. Парвардигор берган ақл-идрок, ихтиёр ва куч-қудрат билан нафсини жиловлаб, уни яхшилик ва эҳсон мақоми сари етаклайди. Нафсининг асирлигидан озод бўлган киши қалбида ҳақ нури порлайди ва Аллоҳ азза ва жалла амрларидан оғишмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳмат қилади: “Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган-курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут сураси, 69).
Имони комил, эътиқоди мустаҳкам инсон нафсини жиловлаб, икки дунё бахт-саодатига эришиб, нажот топганлар қаторидан жой олади. Ва жаннатга мушарраф бўлади. “Ва аммо, ким Раббисининг мақомидан қўрқса ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса… Бас, албатта, жаннат (унга) ўрин бўлади” (Нозиот сураси, 40–41-оятлар) Демак, ҳар бир мусулмон нафсини жиловлаши, шариат измига юргизиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим. Шундагина ички душмани устидан ғалаба қозонади ва ҳеч бир душманига мағлуб бўлмайди.
Фарҳод ЖЎРАЕВ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан