Фидя ҳақида
Руку ва саждани боши билан имо қилиб намоз ўқиёлмайдиган бемор ана шу ҳолатида вафот этса (вафот этишидан олдин), ўқиёлмаган намозларининг фидясини беришни ворисларига васият қилиши лозим эмас.
Мусофир ё касал Рамазон ойида рўза тутмаса ва мусофир юртига қайтмасидан, касал тузалмасидан олдин вафот этса, рўза тутолмаган кунларининг фидясини беришни (ўлишидан олдин) васият қилиши лозим эмас.
Агар мусофир юртига қайтгач ва касал тузалгач, Рамазон ойида рўза тутмаган кунларига тенг ё кўп кунлар яшаб Рамазон рўзасининг қазосини тутмаган бўлса, вафот этишидан олдин у кунлар рўзасининг фидясини беришни васият қилиши лозим бўлади. Киши соғ бўлгани ҳолида Рамазон рўзасини тутмаса ва кейин ҳам қазосини тутмаса, вафот этишидан олдин уларнинг фидясини беришни васият қилиши лозим.
Киши тутолмаган Рамазон рўзаси ва ўқиёлмаган намозлар фидясини беришни васият қилиб вафот этса, унинг валийи (ундан кейин мол-мулкини тасарруф қиладиган киши) маййит қолдирган молнинг учдан биридан ҳар бир кун Рамазон рўзаси ва ҳар бир вақт намози ҳамда витр намози учун ярим соъ (1456 ёки 1664 гр.) буғдой ёки унинг қийматини беради. Агар вафот этган киши тутолмаган Рамазон рўзасини ва ўқиёлмаган намозлари фидясини беришни васият қилмаган бўлса, фидяни валийси ўз молидан берса бўлади.
Вафот этган киши ҳаётлигида тутолмаган Рамазон рўзасини, ўқиёлмаган намозларни ворислари тутиши ва ўқиши мумкин эмас. Ўқилмаган намозларнинг ва тутилмаган рўзаларнинг фидясини бир фақирга бериши мумкин.
Ўз вақтида ўқилмаган
намозларнинг қазоси
Беш вақт намоз қазо бўлган бўлса, тартиб билан; уларни кейин вақти бўлган намоздан олдин ўқиш ва мазкур қазо намозларни ҳам тартиби билан (бомдод, пешин…) ўқиш фарздир. Бу уч ҳолатда: қазо намозларни ўқиса вақти бўлган намознинг мустаҳаб вақти ўтиб кетадиган бўлса ёки қазо намозлари ёдида бўлмаса ёки олти вақт намоз қазо бўлган бўлса, тартиб соқит бўлади (яъни, олдин вақти бўлган намозни ўқийди ҳамда олти вақт қазо бўлган намозлардан қай бирининг қазосини олдин ўқиса ҳам бўлади).
Бир неча йил ўқилмаган намозлар қазоси ўқилиб, уларнинг беш вақти қолган бўлса, у беш вақт намоз ўртасида тартиб лозим бўлмайди. Шунингдек, олти вақт намозни қазо қилиб, уларни ўқишни унутиб, яна бир вақт намозни қазо қилса, улар ўртасида ҳам тартиб лозим бўлмайди.
Киши қазо бўлган намози ёдида бўлиб ўқигани кейинги вақт фарз намози мавқуф ҳолда фосид бўлади. Яъни, агар у яна беш вақт намозни у қазо намози ёдида бўлган ҳолда ўқиса ва ўқигани бешинчи вақт намозининг вақти чиқиши билан ҳамма ўқигани (мавқуф фосид бўлган намоз дохил олти) намози ҳам дуруст бўлади. Бу Абу Ҳанифа наздидадир. Мазкур бешинчи вақт намознинг вақти чиққанидан сўнг ёдида бўлгани қазо намозни ўқиса, ўқиган беш вақт намози ботил (бекор) бўлмайди. Агар ёдида бўлгани у қазо намозни мазкур бешинчи вақт намознинг вақти чиқмасидан ўқиса, ўқигани (олти) намоз нафл бўлади. (Бу ҳолда у намознинг ва витрнинг қазоси лозим бўлади.)
Агар кўп намозлар қазо бўлган бўлса, уларни адо этишда ҳар бирини аниқ (фалон йилнинг фалон куни пешини ё асри… деб) ният қилиш керак. Лекин осон бўлиши учун “охирги ўқимаганим бомдод, пешин… қазосини ўқийман”, деб ният қилиш ҳам жоиз.
Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан