Одина бобо
Одина бобо Собиров 1885 йили Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Назари қишлоғида таваллуд топган. Ўн олти ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олади.
Бухородаги Мир Араб мадрасасида Садриддин Айний, Ғулом (Ғуломқодир) Изомов (Домулло Изомий) билан бирга таҳсил олади. Мадрасани битириб, Бухоро шаҳридаги “Қўштут” маҳалласи масжидида 7 йил имомлик қилади.
Одина бобо қатағон йилларида кўп тазйиқларга учради. 1940 йили Одина бобо оиласи билан ҳозирги Ангор туманидаги “Қизил юлдуз” колхозига кўчиб келади. Бобони узоқ-яқиндан жуда кўпчилик сўраб келарди. У киши бирор масала сўралмагунича гапирмас, аммо ҳар қандай масалага жавоби тайёр эди.
Бобо билан суҳбатлашмоқчи бўлган кишилар Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларидан меҳмонлар келишини интиқлик билан кутар, мухлисларнинг саволлари туфайли илмий анжуманлардан баҳраманд бўлишарди.
Одина бобо 1973 йили 90 ёшида боқий дунёга сафар қилди. Музработ туманидаги “Қулбобо” қабристонига дафн этилган. Охиратлари обод, жойлари жаннатда бўлсин.
Худоймурод БОБОТОЖИЕВ
Музработ туманидаги “Назари” жоме масжиди имом ноиби
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан