Тафсир илмида янги ва салмоқли сўз
Яқинда Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоби тақдимотида иштирок этдим.
Аввало, Муфтий ҳазратлари ўз соҳасининг олий диний маълумотга эга билимдон ва салоҳиятли мутахассиси эканини таъкидламоқчиман. .
Муфтий Усмонхон Алимов нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан. Ҳазрат 2012 йили Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланган.
Кейинги йилларда Усмонхон Алимов халқаро эътибор ва эҳтиромга ҳам сазовор бўлмоқда. Ҳазрат Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади. У киши бир неча йилдан буён ушбу рўйхатдан жой олиб келмоқда.
Ҳазрат ўндан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи ҳисобланади. Бугунги кунга қадар у кишининг “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX–X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак васиятлари”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Ҳорманг, азаматлар”, “Бухорий бобом” каби китоблари мухлислар қўлига етиб борган.
Муфтий Усмонхон Алимов Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимаси ва тафсири муаллифларидан бири ҳисобланади. Камина иштирок этиш бахтига мушарраф бўлган ҳазрат қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” китоби тақдимоти бунинг амалдаги тасдиғидир.
Қуръони карим оятлари маъноларини таржима ва тафсир қилиш жуда ҳам машаққатли, масъулиятли ва айни вақтда шарафли вазифадир. Шу вақтга қадар Қуръони каримнинг Олтинхон тўра, шайх Алоуддин Мансур, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва бошқалар томонидан амалга оширилган маънолари таржимаси ва тафсири нашр этилган.
Шу маънода, халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китобининг ўзига хос жиҳатлари нимада, деган савол туғилиши мумкин. Ҳазратнинг ўзлари ушбу саволга бундай жавоб берганлар: “Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ақлларни лол қолдирувчи каломи бўлгани учун уни бошқа тилга мукаммал таржима қилишнинг имкони йўқ. Юқорида тилга олинган таржималар катта маҳорат билан, тил қоидаларига амал қилган ҳолда ўгирилган, буни асло инкор этиб бўлмайди. Аммо Қуръони карим илоҳий Калом бўлгани учун Қуръон сўзларининг фасоҳати, балоғати, латофати, оҳанги қайта-қайта янгидан кашф бўлаверади”.
Қуръони каримни яхши билмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари жуда ҳам осон. Шунинг учун халқимизни иложи борича Қуръони карим билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб этиш ҳозирги пайтда долзарб аҳамиятга эга.
Мазкур мўътабар тафсир китобининг олти жилди турли йилларда алоҳида китоблар ҳолида чоп этиб келинган. Яъни, тақдимоти ўтказилган янги нашр муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг бир неча йиллик меҳнатлари мевасидир. Қолаверса, бу жараёнда йирик олим ва етук уламоларнинг маслаҳатлари инобатга олингани ниҳоятда муҳимдир.
Қуръони каримнинг ушбу тафсир китобида ўтмишдаги ва ҳозирги улуғ муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”, Абул Фидо ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азийм”, Ибн Жарир Табарийнинг “Тафсири Табарий”, Жалолиддин Суютийнинг “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур”, Носириддин Байзовийнинг “Анварут танзил”, Имом Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”, Алоуддин Хозиннинг “Лубобут таъвил фи маъонит танзил”, Жалолиддин Маҳаллий ва Жалолиддин Суютийнинг “Тафсири Жалолайн”, доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсири Мунир” каби тафсирлардан истифода қилинган.
Муаллиф Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиш илми нақадар машаққатли ҳамда масъулиятли вазифа эканини чуқур ҳис этган ҳолда қалам тебратганига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Натижада олдинги таржима ва тафсирлардан фарқли бир манба дунё юзини кўрди. Китобнинг ўзига хос ижобий хусусиятлари сифатида қуйидагиларни санаш мумкин.
Биринчидан, “Тафсири Ирфон”да оятлар маъноси иложи борича замондош ўқувчиларга тушунарли, содда ва равон тилда баён этилган.
Иккинчидан, одатда Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирларида мавжуд қавс ичидаги изоҳлар “Тафсири Ирфон” саҳифаларида деярли учрамайди. Чунки Усмонхон Алимов ҳазратлари ўқиш ва англаш янада қулай бўлиши учун бундай изоҳларни қўллашдан имкон қадар воз кечган.
Учинчидан, “Тафсири Ирфон”да, бир томондан, илгари ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва тафсир китобларида берилган маълумотлар ўз мужассамини топган бўлса, бошқа томондан, китоб янги ва нодир маълумотлар билан ҳам тўлдирилган.
Тўртинчидан, Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиш жараёнида замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланган.
Бу, ўз навбатида, “Тафсири Ирфон” китобининг замондошларимиз учун янада яқин ва тушунарли бўлишини таъминлаган.
Бешинчидан, “Тафсири Ирфон” энг замонавий усулда, сифатли ва китобхонга қулай шаклда чоп этилган.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, “Тафсири Ирфон”нинг дунёга келиши йўлида муаллиф жуда катта илмий ва ижодий меҳнат қилганидан далолат беради. Ушбу асарнинг яхлит олти жилдлиги Ҳазрат бу йўналишда олиб борган илмий изланишларнинг том маънодаги мантиқий якуни ва ижодий фаолиятининг гултожидир.
“Тафсири Ирфон” – Қуръон тафсири силсиласида ўзбек тилидаги янги асар. Аввало, китобнинг номи ҳақида икки оғиз сўз.
“Ирфон” каломи билим, маънавият, маърифат деган маъноларни англатади. Демак, “Тафсири Ирфон” – Қуръони карим маънавияти тафсири, илоҳий маърифат шарҳи, деганидир.
Хулоса қилиб айтганда, муфтий Усмонхон Алимов қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” китобида Қуръони карим оятлари бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилган. Муаллиф замонавий ҳаётда дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоли масалаларга ечимларни оддий ва содда усулда, таъсирчан услубда етказишга ҳаракат қилган.
Шундай экан, мазкур китоб тафсир илми бобида келгусида илм аҳли учун зарур қўлланма ва муносиб йўриқнома бўлишига ишонамиз. Янада муҳими, “Тафсири Ирфон” китоби халқимиз, хусусан, ёшларимиз маърифатини юксалтиришда катта аҳамият касб этиши тайин.
Акмал САИДОВ, академик
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан