Иқтидо қилган қироат қилмайди
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ. قَالَ رَسُولُ اللهِ
صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ:
« مَنْ كَانَ لَهُ إِمَامٌ فَقِرَاءَةُ الْإِمَامِ قِرَاءَةٌ »
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Ким имомнинг ортидан намоз ўқиса, имомнинг қироати унинг қироатидир”
(Имом Ибн Можа ривояти).
Бугун дунё мусулмонларининг ярмидан кўпи ибодатларини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асос солган ҳанафий мазҳабида адо этади. Чунки ҳанафий мазҳаби, Ибн Ҳажар Асқалоний таъкидлаганидай, мўътамад усул қоидаларига асослангандир (“Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас”).
Диёримизда қадимдан ибодатлар ҳанафий мазҳаби асосида адо этиб келинади. Жамоат намозида имомга иқтидо қилувчилар ҳолатига кўра 3 хил бўлади: 1) муқтадий – умумий иқтидо қилган киши; 2) масбуқ – намозга кечикиб келган киши; 3) лоҳиқ – намознинг аввалида бор, охирида бўлмаган киши.
Ушбу ҳолатларнинг барчасида имом хоҳ жаҳрий, хоҳ махфий қироат қилар экан, иқтидо қилувчи жим туриши шарт! Бунга ушбу ояти карима далилдир: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз…” (Аъроф сураси, 204-оят).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон имом такбир айтса, такбир айтинглар ва қачон қироат қилса, жим туринглар ва сукут сақланглар” (Имом Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким бир ракат намоз ўқиса-ю, унда Уммул Қуръон (Фотиҳа сураси)ни ўқимаса, намоз ўқимабди, имом орқасида турган муқтадий бундан мустасно (ўқимасин!)” (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари овоз чиқариб қироат қилган намоздан бурилиб: “Ҳозир сиздан бирор киши мен билан бирга қироат қилдими?” дедилар. Бир киши: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Шу боис мен Қуръонда жазб (чалғиш) қилибман-да…” дедилар. Бас, одамлар жаҳрий қироат қилинадиган намозларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Иқтидо қилувчи намозда имом қироат қилганида, хоҳ жаҳрий бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, жим туриши шарт, деб ҳанафий мазҳаби уламолари ягона фикрда бўлишган (“Шарҳул виқоя”, “Фатҳу бобул иноя фи шарҳи китобун ниқоя”).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким имомнинг ортидан намоз ўқиса, имомнинг қироати унинг қироатидир” (“Шарҳул виқоя”, “Фатҳу бобул иноя фи шарҳи китобун ниқоя”).
Ҳанафийлик қоидалари бугунги кунга келиб, кўтарилган масала ёки мавзуси эмас, неча асрлардан буён дунё мусулмонларининг кўпчилик қисмини имон-эътиқодда мўътадиллиги билан бир маромда жипслаштириб келмоқда. Иншоаллоҳ, доим шундай бўлиб қолади.
Зиёдуллоҳ РЎЗИҚУЛОВ
Сергели туманидаги “Қўшқўрғон” жоме масжиди имом ноиби
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан