Абу Умома Боҳилий
Бир одам Абу Умома розияллоҳу анҳунинг олдига келиб бундай деди: “Эй Абу Умома, тушимда фаришталарни кўрдим. Улар кирганингда, чиққанингда, турганингда ва ўтирганингда ҳам сенга салавот айтишаётган экан”. Абу Умома: “Истаганингизда эди, сизларга ҳам фаришталар салавот айтишарди”, деб Аҳзоб сурасининг 41-, 42-, 43-оятларини тиловат қилди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинг ва эртаю кеч Унга тасбиҳ айтинг! У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (сизларга мағфират тилайдилар). У мўминларга меҳрибондир”.
Судай ибн Ижлон ибн Ваҳб Боҳилий. Куняси: Абу Умома. Қайс ижлонлик. Боҳила қабиласига мансуб. Фозил, зоҳид саҳоба.
Набий алайҳиссалом Абу Умома розияллоҳу анҳуни қавмини Исломга даъват этиш учун юбордилар. Қабиладошлари уни яхши кутиб олишди ва дастурхонга таклиф этишди. Абу Умома гапни чўзиб ўтирмади. Мақсадга ўтиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени сизга элчи қилиб юбордилар. У зот алайҳиссалом имон келтиришингизга даъват этмоқдалар”, деб айтди. Қавмдошлари унинг гапидан талвасага тушишди. Ёлғончига чиқариб, ҳақоратлаб, ҳатто ҳайдаб ҳам юборишди. Абу Умома оч ва чанқаган эди. Шу ҳолда уйқуга кетди. Тушида унга сут келтирилди. Ичиб, чанқоғи босилди. Қорни ҳам тўйди.
Бу орада қавмдошлари ўтган ишдан афсусланиб, ўзаро: “Улуғларимиз ва бой кишиларимиздан бири ҳузуримизга келсаю, уни ҳайдаб юборсак. Яхшиси, уни хоҳлаганича едириб ичирайлик”, деб машварат қилишди. Абу Умоманинг ҳузурига келишганида, уларга: “Таом ва ичимлигингизга эҳтиёжим йўқ. Аллоҳ азза ва жалла мени едириб, ичирди. Ишонмасангиз, ҳолимга назар солинг”, деди. Унинг гапларига ишонч ҳосил қилган қабиладошлари имон келтиришди.
Абу Умома розияллоҳу анҳу айтади: «Ғазотлардан бирида: “Ё Расулуллоҳ, менга шаҳидлик сўраб дуо қилсангиз”, дея Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мурожаат этдим. Набий алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ, уларни саломат айла” (бошқа бир ривоятда: “Уларни собитқадам қил ва ўлжа бер”), дея дуо қилдилар. Абу Умома ғазот қилди, омон қолди ва ўлжага эга бўлди. Сўнгра иккинчи ғазотда қатнашди. Бу галги ғазотда ҳам: “Эй Аллоҳнинг расули. Менга шаҳидлик сўраб Раббингизга дуо қилсангиз”, деди. Набий алайҳиссалом бу сафар ҳам: “Ё Аллоҳ, уларни собитқадам қил ва уларга ўлжа бер”, деб дуо қилдилар. Сўнгра учинчи ғазот олдидан яна у зот алайҳиссаломга мурожаат этди: “Ё Расулуллоҳ, олдингизга шаҳидлик сўраб икки марта келдим. Икки сафар ҳам: “Уларни саломат айла, собитқадам қил ва ўлжа бер”, деб дуо қилдингиз. Эй Аллоҳнинг расули, дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга шаҳидлик берсин”, деб айтдим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу сафар ҳам: “Ё Аллоҳ, уларни саломат қил, собитқадам қил ва уларга ўлжа бер”, деб дуо қилдилар. Абу Умома ғазот қилди. Омон қолди ва ўлжа олди. Шундан сўнг келиб бундай деди: “Ё Набияллоҳ, мени шундай бир ишга буюрингки, Аллоҳ таоло у билан мени манфаатласин”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Рўза тут. Чунки унинг мисли йўқдир”, деб марҳамат қилдилар. Абу Умома ундан кейин Набий алайҳиссалом олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мени шундай бир ишга буюрдингизки, у сабаб Аллоҳдан манфаатни умид қилдим. Мени яна бир ишга буюринг, шояд Аллоҳ у билан манфаат берса. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Билгинки, Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, у билан даражангни кўтаради ёки хатоларинги ўчиради”, деб марҳамат қилдилар. Шундан сўнг Набий алайҳиссалом қўлимдан тутдилар ва: “Эй Абу Умома, мўминлардан шундайлари борки, қалбим уларга мойилдир”, дедилар».
***
Абу Умома Боҳилий Набий алайҳиссалом вафотларидан кейин ҳам, у зот алайҳиссаломдан олган таълимларини имкони борича одамларга етказиш билан банд бўлди. Сулайм ибн Омир бундай ҳикоя қилади: “Абу Умома розияллоҳу анҳунинг ҳузурида ўтирган эдик. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапириб берди. Сўнг бундай деди: “Мулоҳазали бўлинглар. Биздан эшитганларингизни етказинг”.
Салмон ибн Ҳабиб Химсдаги масжидга кирганида Макхул ва Ибн Абу Закариё ўтирарди, улар: “Агар Набий алайҳиссалом саҳобалари Абу Умома келса ва биз ўрнимиздан турсак, унинг ҳақини адо этган бўламиз. Кейин ундан бирор нарса эшитамиз”, дейишди. Барчалари туриб уни олдига келиб, салом беришди. Абу Умома алик қайтарар экан: “Ҳузуримга келишингиз сизлар учун раҳмат ва ҳужжатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларидан қўрққанлари ёлғончилик ва маъсиятдир. Бизга шу ҳақда етказишимизни буюрганлар. Биз уни бажардик. Сизларга етказганимизни сиз ҳам етказинг”, деди.
Абу Умома Боҳилий бундай ваъз ўқиди: «“Яхши ва ёмон кўрган нарсаларинигз борасида сабрли бўлинг. Сабрлилик хислати қандай ҳам яхши. Дунё сизларга ёқади ва ортидан эргаштириб кетади. Сизларни зийнатлайди. Набий алайҳиссаломнинг асҳоблари: “Биз дунёга берилмадик, шунинг учун омон қолдик”, деб айтишарди». Абу Умома яна бундай дейди: “Одамларга Аллоҳни севдиринг. Шунда Аллоҳ сизларни севади”.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом, Умар, Усмон, Али, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумдан ҳадислар ривоят қилди.
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу узун ва мазмунли умр кечирди. Ҳижратнинг саксон олтинчи йили, Абдулмалик ибн Марвон халифалик даврида вафот этди. У Шомда вафот этган сўнгги саҳобадир.
Манбалар асосида
Маъмура СИДДИҚОВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан