Ейиш-ичиш ҳақида
Ейиш-ичишнинг қатор одоблари бор.
Биринчи одоб. Кам таом ейиш. Очликни сезмагунча овқатланмаслик керак. Тўйиб овқат емаслик зарур.
Иккинчи одоб. Шубҳали таомдан ҳазар қилиш, мабодо, мажбур бўлиб қолса, жуда кам ейиш лозим. Шубҳали таомни мажбур бўлган ҳолда еса, сўнгра бунга пушаймон бўлиш керак.
Учинчи одоб. Ўзига хослаб лаззатли таом тайёрламаслик керак. Ходимларнинг таомига ёки камтарона овқатга қаноат қилиш лозим.
Тўртинчи одоб. Такаллуфсиз барча жам бўлса, лаззатли таомни тановул қилиш мумкин. Мунтазам равишда кўп гўшт истеъмол қилиш соғлиққа зарар. Қирқ кундан зиёд гўшт емаслик кишини ҳолдан тойдиради.
Бешинчи одоб. Айрим нарсалар борки, уларни бирга истеъмол қилиш соғлиққа зарар ва суннатга хилофдир. Улар: балиқ билан сутни, сут билан нордон нарсани, сут билан тухумни, сут билан гўштни, қовурилган гўшт билан қайнатилган гўштни, қоқгўшт (қотган) билан янги гўштни ейиш мумкин эмас.
Олтинчи одоб. Ични қотирувчи ва сурувчи нарсани еб бўлмайди. Жуда иссиқ ва жуда совуқ таомни тановул қилиш суннатга хилофдир. Пиёз ва саримсоқни хомлигича ейиш дуруст эмас.
Еттинчи одоб. Ўтириб таомланиш керак.
Саккизинчи одоб. Дастурхон тўшаб таомланиш зарур. Иложи бўлса, жуда баланд бўлмаган хонтахта устида овқатланиш лозим.
Тўққизинчи одоб. Улуғлар таомга қўл узатмагунича бошқалар кутиб туришади. Ёши катта киши таомни бошлаб беради.
Ўнинчи одоб. Таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатишнинг фойдаси бор.
Ўн биринчи одоб. Таомланиш, сув ёки чой ичишда эҳтиёт бўлиш, хўриллатмаслик зарур.
Ўн иккинчи одоб. Суннатга мувофиқ ўнг қўл билан таомланиш керак. Уч бармоқ: бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқ билан таом тановул қилинади. Айрим ҳолларда узук бармоқни ишлатса ҳам бўлади. Икки бармоқ билан овқатланиш ман этилган.
Ўн учинчи одоб. Таомни ўз олдидан олиб ейиш керак. Аммо меваларни ҳар қайси тарафдан олса бўлади. Зеро, ҳадиси шарифда: «Умар ибн Абу Салама айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида таомланаётиб, қўлим товоқнинг у ёғидан-бу ёғига бориб келарди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй бола, “Бисмиллаҳ”ни айт, ўнг қўлинг билан е, олдингдан е”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
Ўн тўртинчи одоб. Нон ва ушоқни увол қилмаслик керак. Нонни икки қўл билан синдириш, қўлнинг мойини нонга, гарчи уни емоқчи бўлса-да, артмаслик зарур. Ушоқларни териб ейишнинг хосияти кўп.
Ўн бешинчи одоб. Таомни шошиб емаслик керак.
Ўн олтинчи одоб. Луқмани меъёрида олиб еган яхши. Таомни майда чайнаб, секин ейиш лозим. Таом иссиқ бўлса, пуфламасдан кутиш зарур. Таом ейишда оғизни меъёридан катта очмаслик лозим. Таомни ўнг тарафдаги тишлар билан чайнаш суннатдир. Агар ўнг тарафдаги тишлар яроқсиз бўлса, чап тарафдаги тишлар билан чайнаса ҳам бўлади. Оғзидаги луқмани ютмагунча, таомга қўл узатилмайди. Тишланган, чайналган луқма идишга ташланмайди. Овқат юқи бор қўл идишга силкитилмайди. Иликни зарб билан нон устига, товоққа ва дастурхонга силкитмаслик керак.
Ўн еттинчи одоб. Таомни кайфиятсиз ҳолда тановул қилмаган маъқул. Таомни ёмонламаслик керак.
Ўн саккизинчи одоб. Таомни ёлғиз ҳолда емаслик керак. Кўпчилик билан ейилган таомда барака бор.
Ўн тўққизинчи одоб. Дастурхон атрофида суҳбат аҳлига қўшилиб, уларнинг гапини, агар ҳақиқат бўлса, маъқуллаб ўтириш керак. Бирор узри бўлмаса, таомга дуо қилинмагунча ўрнидан қўзғалмаган маъқул.
Йигирманчи одоб. Агар таомланишда ҳамтовоқлари касал, яъни мохов, қўтир кишилар бўлса, соғлом киши таваккалчи бўлса, беморлар билан биргаликда бир идишда таомланиши мумкин. Агар таваккалчи бўлмаса, парҳез қилгани авлодир.
Йигирма биринчи одоб. Яхшироқ таомни шеригига бериш фидокорликдир.
Йигирма иккинчи одоб. Агар таом маромига етказиб пиширилган бўлса, уни қўл билан майдалаб ейиш суннатдир.
Йигирма учинчи одоб. Саналадиган таомлар тановул қилмоқчи бўлса, тоқ сонни танлаган маъқул. Мисол учун, таомдан сомса, чучвара, манти, мевалардан олма, хурмо, анжир каби.
Қошиқ билан таомланишда ҳам тоқ сонга риоя қилган яхши. Масалан, икки киши бир товоқда шерик бўлса, навбат билан тоқ, яъни бир ёки уч қошиқдан таомланади. Агар бир киши таомланса, тоқ сонга риоя қилади. Қошиқни тўлдириб овқат ейилмайди. Бу очкўзликнинг белгисидир. Қошиқдаги шўрва ёки бошқа овқатлар кийимга томмаслиги керак. Таомланишда чорва молларига ўхшаб оғиз идишга яқин олиб борилмайди. Қошиқ оғизга бутунлай солинмайди.
Йигирма тўртинчи одоб. Қошиқ товоққа қаттиқ ташланмайди. Овқат қолдиқлари бўлиши ҳамда бу қолдиқлар товоққа томиши мумкинлиги инобатга олиниб, қошиқ товоққа тўнкариб қўйилади.
Йигирма бешинчи одоб. Агар пўстли ёки данакли мевалар истеъмол қилинса, уларнинг пўстлоғи ва данаги дастурхоннинг бир четига қўйилади ёки махсус идишга ташланади. Агар давра танг бўлиб, меванинг пўстлоқ ёки данакларини ташлаш имкони бўлмаса, салфетка ёки латтага ўраб, кишилар кўзи тушмайдиган жойга, бир четга қўйилади. Агар ўрашга нарса тополмаса, чап қўлида сақлайди.
Йигирма олтинчи одоб. Янги барпо этилган боғдаги мевалар ҳосилга кирса, боғбон дуои хайр қилиб, нишона ҳосилни болаларга беришдан бошлайди. Янги мевани кўзга суртиш ва ўпиш ҳам мандуб амалдир.
Йигирма еттинчи одоб. Таомдан сўнг тишни чўп билан кавлаш керак. Тил билан тишлар орасидан чиқарилган таом қолдиғини ейиш макруҳ эмас. Аммо тишкавлагич билан чиқарилган қолдиқни ейиш макруҳдир. Тишни кўп кавламаслик керак. Этга салбий таъсир кўрсатади. Тишни кавлаётиб бармоқлар билан бекитиб олиш керак.
Йигирма саккизинчи одоб. Таомдан аввал ҳам, кейин ҳам қўлни ювиш керак. Ювилган қўл силкитилмайди, тоза сочиққа артилади.
Йигирма тўққизинчи одоб. Овқатдан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтилиб, таом соҳиби ҳақига дуо қилинади. Меҳмонлардан улуғлари дуо қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан