Ҳисобдан қўрқиш
Биз мусулмонлар дунё ҳаёти ниҳоясига етиб, қиёмат бўлганида, шак-шубҳасиз, Ҳақ тарозиси ўрнатилиб, бандаларнинг яхши-ёмон ишлари ҳисоб-китоб қилинишига имон келтирамиз.
Ҳисоб куни бандалар ўз амалларига кўра ўрталарида ҳукм қилинадиган Маҳшар майдонида туриб қолади. Ушбу ҳисоб куни инсонлару жинлар, мўмину кофирларнинг барчаси учун бирдек бўлади.
Кундалик ҳаётда ҳам баъзи кишилар оддий ишларда ҳисоб-китоб бўлишидан қўрқувга тушади. Йўл қўйган хатолари, камчиликларини тасаввур қилса, дунё кўзларига қоронғи кўринади. Агар киши бу ўткинчи дунёдаги ҳисоб-китобдан шунча қўрқса, абадий ҳаётини ҳал қилувчи ҳисоб-китобдан қўрқиши жуда муносибдир. Зеро, Қуръони каримда:
“(У кунда) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари, қўл ва оёқлари уларга гувоҳлик берадиган кундир”(Нур, 24) дея хабар берилади.
Охират ҳисоби шу қадар оғирки, унинг шиддатидан киши ўз ака-укалари, ота-онаси, фарзандлари ва аҳлларидан ҳам ўзини олиб қочади. Севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунида қайси банда ҳисоб қилинса, азобга қолибди”, деб айтганлар. Чунки Аллоҳ адолати билан ҳисоб қилгудек бўлса, ҳеч ким омонда қолмайди. Фақат Унинг лутфу марҳамати ва фазли билангина нажотга эришиш мумкин.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм