Ҳамма учун севимли нашрлар
Кўп йиллар мактабда ўқитувчилик қилдим. Нафақага чиққач, беш вақт намозни “Хўжаҳайрон ота” жоме масжидида жамоат билан адо эта бошладим. Ёшу кекса динимиз аҳкомларини билишга, ибодат масалаларини ўрганишга қизиқади.
Ҳаммамиз таҳорат, намозга оид бирламчи илмларни тўлиқ билишимиз зарур. Ана шу эҳтиёжимизни қондиришда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг ҳиссаси катта. Чунончи, ушбу нашрларда ибодат масалалари тушунарли тарзда бериб бориляпти. Бу эса ибодатларимизни бенуқсон адо этишда асқотяпти.
“Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газетасини интизорлик билан кутамиз. Ҳар йили нашрларга обуна бўламиз. Уларнинг йиллик обуна нархи ҳамёнбоп. Бир марта тушлик харажатини тежаб, хонадонимизни бир йиллик зиё таратувчи нашр билан таъминлашимиз мумкин. Обуначилар орасида кекса отахонлар ҳам кўп. Нашрларнинг яна бир афзал томони кенг муштарийлар оммасига мўлжалланганидир. Уларни ўқиган киши, албатта, манфаат олади.
Нашрлар саҳифаларида бериб борилаётган туркум мақолалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Муҳими, эскирмайди ва долзарблигини йўқотмайди. Севимли нашрларимиз бундан кейин ҳам бир-биридан қизиқ маълумотлар, сермазмун мақолаларни тақдим этишига ишонамиз.
Бахтиёр РАЖАБОВ
Касби тумани
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан