Соғломларга соғлиқни сақлашни ўргатадиган илм
Аллоҳга ибодат қилиш, коинот қонунларига бўйсунишда инсон, ҳайвон, жонли-жонсиз, ер ва фалаклардан иборат оламларнинг бирлигини тасдиқлаганида, шариат инсоний ўзига хосликнинг энг юқори чўққисига етди. Қуръон мусулмондан намозининг ҳар ракатида: “Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳгадир”, деб зикр қилишни талаб этиши қандай ҳам гўзал!
Уни мусулмон ҳар бир намозида зикр қилиши керак. Зеро, у коинотнинг бир бўлаги, том ва шомил раҳмат ила тавсифланган яккаю ягона Илоҳнинг яратган жонзоти.
Мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом ибодатларини бажо келтиришнинг ўзи табобат илмининг мақсадларидан бири бўлган соғлиқни сақлашда ҳам ўта муҳимдир. Чунки намоз, рўза, ҳаж ва бу ибодатлар талаб қиладиган шартлар, рукнлар ҳамда амалларнинг ҳаммаси жисм сиҳатини, фаоллигини ва қувватини муҳофаза этади. Бунга яна Исломнинг касаллик ва унинг ёйилишига қарши курашини ҳамда унга барҳам берувчи муолажага тарғиб қилишини қўшсак, табобат майдонида ҳазора биноси қандай мустаҳкам асосларга қурилганини, унинг шифохоналар ва тиббий маъҳадлар барпо этишидан олам қанчалар фойдаланганини ва у чиқарган табибларнинг илмга, хусусан, табобатга қилган ҳимматларидан инсоният ҳанузгача фахрланаётганини кўрамиз. Табиб Али ибн Аббос табобатга шундай таъриф беради: “У соғломларга соғлиқни сақлашни ва касалларга уни қайтаришни ўргатадиган илмдир”.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм