Хитой янги вирус келтириб чиқарган офатни жиловлай олмаяпти
Хитойнинг турли вилоятларида корона вируси билан оғриган беморлар сони 571 кишига етди, деб хабар тарқатмоқда Хитой Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси.
Уларнинг 95 нафари жуда оғир аҳволда экани аниқланган.
Бундан аввалроқ, 473 киши хасталангани ва 17 киши вафот этгани айтилган эди.
Вирус мамлакатнинг 25 та вилояти ва шаҳарларида тарқалган. Ўтган кунда 24 та вилоят ва шаҳарларда яна 131 киши касалликни юқтирган ва уларнинг саккиз нафарига ўлим хавф солмоқда.
Вафот этганларнинг барчаси кекса ёшдагилар, дейилади хабарда.
Яна 13 вилоятда 257 та бемор корона вируси билан хасталангани маълум қилинди.
Бундай ҳодисалар Гонконг, Макао ва Тайванда ҳам кузатилмоқда.
Шунингдек, АҚШ, Япония, Жанубий Корея давлатларида ушбу вирус билан касалланган бир нафар, Таиландда эса уч нафар бемор аниқланди.
Ҳозирда Хитойда беморлар билан алоқада бўлган жами 4928 киши тиббий назоратга олинган.
“Global Times” газетасининг ёзишича, Хитой ҳукумати корона вирус тарқалиши сабабли Ухан шаҳри аҳолисининг шаҳарни тарк этишини вақтинчалик тақиқлаб қўйган. Шунингдек, Ухан шаҳри ҳукумати автобус ва метронинг фаолиятини тўхтатган, вокзал ва аэропортлардан рейслар кескин қисқартирилмоқда.
Хубей вилоятида жойлашган Ухан шаҳри аҳолиси 11 миллион кишини ташкил этади.
Япониянинг ANA (All Nippon Airways) авиакомпанияси ўз сайтида Ухань шаҳридаги аэропортнинг ёпилиши сабабли самолёт парвозларини тўхтатганини маълум қилган.
“Корона вирус келтириб чиқарган пневмониянинг авж олгани сабабли Уханда маҳаллий вақт билан соат 10 дан аэропортлар ёпилган. Шу сабабли NH937 Нарита-Ухань ва NH938 Ухань-Нарита рейслари бекор қилинади”, деб хабар беради мазкур компания.
Бундан аввалроқ, Япониянинг Хитойда фаолият кўрсатаётган бир қатор компаниялари ўз ходимларининг Хитойга хизмат сафарларини бекор қилгани айтилган эди. Кунчиқар мамлакат ҳукумати бош вазир девони ҳузурида ушбу касаллик билан боғлиқ бўлган маълумотларни тўплаб бориш бўйича махсус бўлим таъсис этди, ҳатто сешанба куни вазирларнинг махсус мажлиси ҳам чақирилди.
ЎзА