Мақолалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуолари сабабли Абу Ҳурайра онасининг Исломга кириши

Чоп этилди Yanvar 25, 2020 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуолари сабабли Абу Ҳурайра онасининг Исломга киришиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Касир Ғубарий ривоят қилади:

«Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу):

– Ер юзидаги ҳар бир мўмин ва мўмина мени яхши кўриб тилга олади, – деди.

Мен:

– Эй Абу Ҳурайра, буни қаердан биласан? – деб сўрадим.

Абу Ҳурайра айтди:

– Мен онамни Исломга чақирар эдим, онам менга бу борада кўп машаққатларни келтирди. Мен бир куни онамни Исломга чақирганимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида менга ёмон сўзларни айтди. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб: “Онамни кўп бора Исломга чақирдим, онам эса мени машаққатга солди. Шунга қарамай мен у кишини Исломга чақиравердим. Натижада сиз ҳақингизда ноўрин сўзларни айтди. Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ Исломга ҳидоят қилишини сўраб Абу Ҳурайранинг онаси ҳақига дуо қилинг”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) онамнинг ҳақига дуо қилдилар. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларини хушхабар қилиб онамга етказиш учун шошилдим. Етиб борганимда эшик қулф экан. Эшикни тақиллатдим. Менинг келганимни сезиб, онам кийиниб чиқди, бошига рўмол ўраб олган эди. Онам менга: “Мулойим бўлгин”, деб эшикни очдилар.

Эшикдан кирган вақтимда: “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ”[1], дедилар. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига қайтдим, хафа бўлганимда йиғлаганим каби хурсандлигимдан бундай йиғлаб: “Хушхабар, эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло дуоингизни қабул этди, Аллоҳ Абу Ҳурайранинг онасини Исломга ҳидоят қилди. Аллоҳ таолога дуо қилинг, Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ мени ва онамни мўмин бандаларига маҳбуб қилсин ҳамда мен ва онамни мўмин бандаларига муҳаббатли қилсин”, деб айтар эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим! Бу қулингни ва унинг онасини мўмин бандаларингга муҳаббатли қилгин, уларни ҳам бу иккисига муҳаббатли қилгин”, деб дуо этдилар. (Шунинг учун) Ер юзида ҳар бир мўмин ва мўмина борки, улар Абу Ҳурайра ва унинг онасини яхши кўрадилар»[2].

[1] Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бераман.

[2] Саҳиҳ ҳадис. Имом Муслим ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.