Сўраган эдингиз…
CАВОЛ: Курсида ўтириб намоз ўқиш жоизми?
ЖАВОБ: “Фатовои Татархония” китобида бундай дейилади: “Киши тик туролмаса, лекин ўтиролса, фарз намозларни ўтириб руку ва сажда қилиб ўқийди”.
Бироз бўлсада тик туроладиган киши фарз намози такбири таҳримани тик туриб айтмаса, намози дуруст бўлмайди.
“Ҳасса ёки деворга суяниб бўлса ҳам туроладиган киши имкон борича, гарчи бир оят ёки такбири таҳримани айтиш миқдорича бўлса-да туриб намоз ўқиши лозимдир” (“Раддул муҳтор” китобидан).
Ерга ўтиришга қодир бўладиган киши курсида ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас. Ҳозирги замон илм аҳлидан баъзилари киши бирор узр туфайли ерда ўтиролмаса, фақат курсида ўтириб намоз ўқишга қодир бўлса, шундагина курсида ўтириб намоз ўқишининг зарари йўқ. Шунда ҳам, олдинги сафларда эмас, бошқа намозхонларга ҳалал бермасдан орқа сафнинг четида ўтириш керак, дейишади.
CАВОЛ: Масжидда гаплашиш мумкинми?
ЖАВОБ: Масжидда бекорчи гап сўзларни гаплашиш, бақир-чақир, савдо-сотиқ ва намозхонлар ибодатига халақит қилиш, йўқолган нарсасини эълон қилиш мумкин эмас. Буни уламолар “ҳаромга яқин макруҳ” деганлар.
“Фатавои ҳиндия” китобида бундай дейилади: “Масжидда гаплашиш учун ўтириш мубоҳ эмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар, чунки масжид дунё ишлари учун қурилмаган. “Хизонатул фиқҳ” китобида: “(Масжидда) дунё сўзлари сўзланмайди”, – дейилган.
CАВОЛ: Қарз беришнинг савоби қандай? Қарзимни ололмасам нима қилай?
ЖАВОБ: Уламолар: “Қарз бериш садақадан афзал”, – дейишган. Чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди. Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўшанча садақа қилганни савобини олади.
Бурайда ибн Ҳусайб ал-Асламий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзи миқдорича садақа қилган бўлади”. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзининг икки баробарида садақа қилган бўлади”, деганингизни эшитгандим”, – дедим. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Насияга сотилган нарсанинг пулини тўлаш вақти келгунча – бир баробар. Муддат келиб, яна уни узайтирса, унинг икки баробарида садақа қилган бўлади” – дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзни кечса, Аллоҳ уни ўз паноҳида асрайди” (Имом Муслим ривояти).
Қарз орқасидан фойда кўриш, берган пулига пул ёки бошқа нарса қўшиб олиш мумкин эмас. Бу рибо ҳисобланади.
Қарз бериш мустаҳабдир. Лекин қарз сўровчи эҳтиёжманд бўлса ва қарз сўралган бой бўлса, қарз бериши вожиб бўлади. Агар қарз сўровчи олган қарзини ҳаромга ёки макруҳ нарсаларга сарфлаши эҳтимоли катта бўлса, унга қарз бериш ҳолатга қараб ҳаром ёки макруҳ бўлади (“Мавсуъатул фиқҳия ал-кувайтия” китобидан).
Имкони бўлиб олган қарзини узишни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси
Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил 24-сонидан