Бугун Томскда ҳалок бўлганларнинг жасади Тошкентга олиб келинди
Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2020 йил 26 январь куни эрталаб HY-668 рейси билан Томск вилояти Асиновский тумани Причулимский посёлкасида жойлашган ёғочли уй ёниши оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар Ўзбекистон фуқаролари жасадлари Тошкент шаҳрига етказилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.
Қолган икки нафар марҳумнинг жасадлари ДНК таҳлили натижалари аниқлангандан кейин юборилади.
Бош консулхона маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари ишлаган “Greenwood” МЧЖ ўрмон кесиш компанияси директори ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари томонидан қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 21 январга ўтар кечаси Россиянинг Томск вилояти Асино туманидаги бир қаватли ёғоч уйда ёнғин рўй бериб, уйнинг 208 метр квадрат майдони ёниб кетганди.
Дастлабки хабарларда ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани, улардан 10 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани айтилганди. Кейинроқ ушбу фожиада 12 киши ҳалок бўлгани маълум бўлди.