Ўзбекистон янгиликлари

Вазирлик ходимлари Японияда малака оширади

Чоп этилди Yanvar 26, 2020 Вазирлик ходимлари Японияда малака оширадиda fikr bildirishni o'chirish

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов JICA Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг молиявий ҳамкорлик департаменти бош директори ўринбосари Хироюки Хаяшини қабул қилди. 
Учрашув давомида вазир япониялик делегация аъзоларини Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Япония фан ва технологиялар агентлиги ўртасида Японияда имзоланган ҳамкорлик Меморандуми бўйича ҳозирги кунда олиб борилаётган ишлар бўйича маълумотлар билан таништирди.
Томонлар Япония ҳукуматининг техник кўмак дастури доирасида амалга ошириладиган Кадрларни тайёрлаш бўйича стипендиялар тақдим этиш лойиҳасини муҳокама қилиб, бу борадаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталдилар. Мазкур дастур давлат идоралари вакилларига магистратура ва докторантурада муҳандислик, архитектура, бизнес бошқаруви, ҳуқуқ, иқтисодиёт, молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш йўналишларида таълим олиш учун имконият яратади. Ўзбекистон давлат хизматчиларининг малакасини ошириш дастури доирасида таълим жараёни билан боғлиқ барча харажатлар Япония ҳукумати томонидан қопланиб, унинг қатнашчилари бир неча босқичли танловдан ўтишлари керак бўлади.
Бугунги кунда кадрларни ўқитиш, хусусан давлат органларидаги ходимларнинг малакасини ошириш долзарб масала бўлгани боис япон томонининг мазкур дастури вазирлик мутасаддилари томонидан илиқ кутиб олинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва вазирлик қошидаги ташкилотлар ходимлари орасида Японияда таълим олиш ва малака ошириш истагини билдирган давлат хизматчиларини ушбу дастурда қатнашиш учун жалб қилишга кўмак берилиши қайд этилди.