Ҳасадни даволаш йўллари
- Фарзандга муҳаббатини сездириб туриш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилар эдилар ва асҳобларини ҳам шунга буюриб, қизиқтириб, амал қилишларини назорат этардилар. Мана, баъзи мисоллар:
Имом Термизий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Бариддан, у киши оталаридан ривоят қилади. У киши айтадилар: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба ўқиётганларида Ҳасан ва Ҳусан (розияллоҳу анҳум) иккалалари қизил кўйлак кийган ҳолда юриб келиб, қоқилиб йиқилдилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тушиб икковини кўтариб олдилар ва олдиларига қўйиб:
«…мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (гуноҳ, азоб ва машаққат манбаи)дир», деб (Анфол, 28) ўқидилар-да, сўнгра: “Бу икки гўдакнинг юриб келиб, қоқилиб йиқилганини кўриб, сабр қилолмадим ва сўзимни кесиб (тугатмай) уларни кўтардим”, дедилар».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо) билан бирга ўйнаб, қўллари ва тиззалари билан юрдилар, улар эса икки томонидан осилиб олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юриб: “Қандай яхши сизларнинг туяларингиз ва сизлар қандай яхши тенгсизлар”, деб айтдилар. Яъни, сизлар менга тенгсизлар, сизларни мен тенг кўраман, деган маънода.
Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муфрад”да Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади. У киши айтади: «Бир аъробий Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб: “Гўдакларингизни ўпасизларми, биз ўпмаймиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ қалбингдан раҳматини олиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим”, дедилар».
Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: “Менинг ўнта болам бор, улардан бирортасини ўпганим йўқ”, деди. Бас, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қарадилар ва: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, дедилар. Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муфрад” китобида Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Бир аёл Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳузурига келди. Ойша (розияллоҳу анҳо) унга уч дона хурмо берди. У ҳар бир боласига бир донадан хурмо бериб, ўзига бир дона олиб қолди, иккала боласи хурмони еб бўлиб онасига қарашди. Шунда аёл хурмони иккига бўлиб, болаларига яримтадан берди. Ойша (розияллоҳу анҳо) воқеани Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлаб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага бу сени ажаблантиради? Батаҳқиқ, аёлнинг фарзандларига меҳрибонлигидан Аллоҳ унга ҳам меҳрибон бўлади”, дедилар.
Янги фарзанд дунёга келган вақтда унинг акаси ёки опасида ҳасад уйғонишининг олдини олиши лозим бўлган эҳтиёт чораларига доим эътибор қаратмоқ керак. Хусусан, буни тарбиячилар ва оналар унутмасликлари лозим. Эҳтиёт чорасини янги фарзанд туғилишидан бир неча ой олдиндан кўриб бориш лозим.
Янги гўдакни кийинтириш, чўмилтириш, таом едиришда акаси (ёки опаси) ёрдам беришига имконият яратишда зарар йўқ. У гўдак билан бирга ўйнашига рухсат бериш ҳам фойдали бўлиши мумкин, лекин у гўдакка озор бериб қўймаслиги учун доим назорат қилиш керак. Она янги фарзандини эмизиш учун қўлга олганида, ота гўдакнинг акаси билан ўйнаб туриши ёки у билан суҳбатлашиб, меҳр-муҳаббатини билдириши мустаҳабдир. Мақсад севимлилик, маҳбублик, меҳр улашиш бобида ака гўдак билан тенг эканини билдиришдир. Буларни улуғ тарбиячи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юқорида айтиб ўтганимиз бир неча ҳадисларда баён қилганлар. Шундай экан, тарбиячилар фарзандлари ўзаро муҳаббатли, бир-бирига ёрдам берувчи ва очкўзлик, нафрат, худбинликдан холи бўлишларини хоҳласалар, улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларидан юрсинлар.
- Фарзандлар ўртасида одил бўлиш. Маълумки, ота-она фарзандлар ўртасида муомалада тенг, ҳадялар улашишда одил бўлса, улар ҳасадни билмайди, қалбида очкўзлик ва адоват офатларига ҳам ўрин қолмайди, ака-укалар ўзаро муҳаббатда ва бир-бирини тушуниб яшайдилар.
- Ҳасад уйғотувчи сабабларни бартараф қилиш. Ота-она, мураббий фарзанд тарбиясида доно бўлиши керак. Бу ёш қалбдаги очиқ ҳасадни йўқ қилишда энг фойдали воситадир. Оилада янги меҳмон дунёга келгач, катта фарзанд ўзини ота-онанинг эътибори, меҳр-муҳаббатидан четда қолгандек ҳис этмаслиги керак. Агар шундай ҳолат юз берса, бас, ота-она бор кучини фарзандини аввалгидек яхши кўришларини билдиришга сарфлаши лозим. Ота-она фарзандларидан бирини аҳмоқликда айбласа ёки ҳақорат сўзлари билан нафсониятига тегса, унинг қалбида ҳасад ва очкўзлик учқунини пайдо қилади. Шундай экан, мураббийлар озорли, аччиқ сўзлардан тилини сақлашлари лозим. Ота-оналар доимо огоҳ бўлишсин, фарзандни ҳасадчи бўлиб қолишдан сақлашсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳасад борасида бундай дейдилар: “Ҳасаддан сақланинг, чунки ҳасад яхшиликларни олов ўтинни егандек ейди”.
Табароний ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонлар доим яхшиликда бўладилар, модомики ҳасад қилмасалар”, дедилар. Сўнг яна: “Ҳасадчи мендан эмас”, дедилар. Фарзанддаги ҳасадни муолажа қилишда ота-оналар ва мураббийлар бу тарбия қонун(асос)ларига муҳтождир. Шубҳасиз, агар улар ўзларига шу қоидани дастуруламал деб билсалар ва ўша қоидаларни турмушга татбиқ этсалар, фарзандлар софдил, беғараз ва ихлосда вояга етадилар.
- Очиқ ғазаб. Ғазаб – руҳий ҳолат. Гўдак очиқ ғазабни ҳаётининг аввалидаёқ сезади ва умрининг охиригача унга ҳамроҳ бўлади. Очиқ ғазаб инсонга туғилганиданоқ ҳамроҳ экан, унинг ҳар қандай кўринишини жирканч ва ёмон иллат деб баҳолаш хатодир. Чунки Аллоҳ таоло инсонни яратганида унга сезги ва ҳис-туйғу ато этди. Бу етук ҳикмат ва ижтимоий манфаат учундир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм