Мақолалар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек дўзахи бўлган киши

Чоп этилди Yanvar 28, 2020 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек дўзахи бўлган кишиda fikr bildirishni o'chirish

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муш­рикларга тўқнаш келиб, улар билан жанг қилдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз аскарлари томон қайтган вақтда улар ҳам ўз аскарлари томон қайта бошладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари ичида бир киши бор эди. Мушриклардан каттаю кичик бирор кишини қолдирмасдан ортидан қувиб етиб, қиличи билан урар эди. Саҳобалар: “У киши каби бирортамиз (жаннатда) мукофотга лойиқ эмасмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аммо у дўзах аҳлидан”, дедилар. Шу жамоатдан бири ўша киши ҳақида айтди: “Мен унинг доимий ҳамроҳи бўламан”. У билан бирга жиҳодга чиқиб, у югурса, югурди, тўхтаса, тўхтади. У қаттиқ яраланди ва (оғриққа чидай олмасдан) тезда ўлишни хоҳлади. Қиличини ерга қўйиб, тиғини кўкрагига тўғрилади ва устига ўзини ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирди. Унга эргашган киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига (уруш майдонидан) чиқиб келиб: “Сиз Аллоҳнинг элчиси эканингизга гувоҳлик бераман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима бўлди?” деб сўрадилар. У: “Сиз бироз олдин бир кишини дўзах аҳлидан деган эдингиз. Бу сўзингиз инсонларни даҳшат­га туширганди. Мен сизлар учун у кишини кузатдим. Жиҳодга у билан бирга чиқдим, қаттиқ яраланди ва ўлимни ўзига шошилтирди. Қиличини ерга қўйиб, тиғини кўкрагига тўғрилади ва устига ўзини ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, бир киши инсонлар наздида жаннат аҳлининг амалини қилади, ҳолбуки, у дўзахидир. Ва бир киши эса инсонлар наздида дўзах аҳлининг амалини қилади, ҳолбуки, у жаннатидир”, дедилар»[1].

[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий, “Ал-жомиъус саҳиҳ”, Ғазотлар китоби, Хайбар ғазоти боби. Қадар китоби, Амаллар хотимаси билан баҳоланиши боби. Имом Муслим, “Ас-Саҳиҳ”, 112-ҳадис.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган