Эзгу ишларимиз бардавом бўлсин!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин.
Инсон бошланаётган кун, ой, йил ва келгуси ҳаёти учун хайру барака тилаб дуолар қилиши динимизда марғуб амал ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги ой чиққанда: “Ё Аллоҳим! Бу ойни бизга барака, имон, саломатлик, Ислом ва Сен яхши кўрадиган, рози бўладиган амалларга тавфиқ ойи қилгин. Эй Ой! Менинг ҳам Раббим ва сенинг ҳам Раббинг Аллоҳдир” (Имом Ҳоким ривояти), деб дуо қилганлар.
Яна бир ҳадиси шарифда: “Ё Аллоҳим! Мен Сендан бу куннинг яхшилигини, фатҳини, нусратини, нурини, баракасини ва ҳидоятини сўрайман. Унда ва ундан кейинги кунлардаги ёмонликдан паноҳ тилайман” (Имом Абу Довуд ривояти), деганлари баён этилган.
Шундай экан, поёнига етган йилни сарҳисоб этиб, шукрона қилиш Аллоҳнинг инояти ила янгидан-янги муваффақиятларга сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Айтиш мумкинки, 2019 йилда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада қут-баракали бўлди. Якунига етган йилда юртимизда ўнта янги жоме масжид очилди. Натижада масжидлар сони 2066 тага етди. Тошкент шаҳридаги “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”, Сурхондарё вилоятида “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Имом Низомиддин Сангардакий”, Наманганда “Муҳаммад ал-Амин”, Фарғонада “Чилигижийда”, Навоийда “Абу Бакр Сиддиқ” ва Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра” масжидлари шулар жумласидан. Шунингдек, мамлакатимиз бўйича ўттизта жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилди, олтмишта масжид капитал таъмирдан чиқарилди.
Саккиз юздан зиёд ояти каримада “илм” сўзи зикр этилган. Ҳадиси шарифларда илм олиш ҳар бир мусулмонга фарз экани баён қилинган (Имом Ибн Можа ривояти). Шу боис ўтган йил давомида диний таълимни равнақ топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Диний таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига жами 346 нафар ёш талабаликка қабул қилинди.
Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби иш бошлади. Олий мактабда таҳсил олиш учун 12 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Айни пайтда олий мактабда нафақат юртимизнинг таниқли мударрислари, шу билан бирга, дунёга машҳур “Ал-Азҳар” университетининг ҳадис илми бўйича фан доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда араб тили фани бўйича доктори, профессор Али Саад ҳазратлари ҳам ёшларга сабоқ бермоқда.
Масжидларда меҳнат қилаётган ўрта маълумотли имом-хатиблар учун илк маротаба Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 3 йиллик модуль таълим тизими жорий этилди. 2019–2020 ўқув йилида 120 нафар ўрта маълумотли имом-хатиблар ушбу таълим тизими асосида машғулотларни бошлаб юборишди.
“Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори Калон” мадрасаларида 3 йиллик таълим тизими жорий қилинди ва отинойилар, диний-маърифий ходимлар малакасини ошириш мақсадида малака ошириш бўлими ташкил этилди.
Диний таълим муассасаларида “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, 4540 нафар тингловчи қамраб олинди. Шунингдек, эшитишда нуқсони бор ва ногирон фуқаролар учун Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасида бепул ўқув курслари ташкил этилди. Эшитиш қобилияти чекланган фуқаролар учун юртимиз жоме масжидларида сурдо таржимони ёрдамида жума мавъизаларини етказиш йўлга қўйилди. Ушбу ташаббус нафақат МДҲ мамлакатлари доирасида, балки мусулмон оламида ҳам ўзига хос янгилик деб баҳоланиб, катта акс-садо берди.
“Ёғду” нашриётида “Мен ҳам намоз ўқийман”, “Қирқ фарз баёни” номли брайл ёзувидаги китоблар нашр этилди. Кўзи ожиз, лекин қалб кўзи очиқ мўмин-мусулмонларимиз учун ушбу китоблар катта туҳфа бўлди.
Албатта, бундай эзгу ишлар ўз-ўзидан амалга ошгани йўқ. Бунинг замирида жуда катта меҳнат мужассам. Ояти каримада бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз, У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит, барқарор қилур» (Муҳаммад сураси, 7-оят). Аллоҳ таоло Ўзининг дини равнақи йўлида олиб бораётган хайрли амалларимиз баракотини зиёда қилсин, ажрларини кўпайтириб берсин.
Усмонхон АЛИМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан