Шонли йўлнинг шарафли устози
Уламолар устозларга бундай таъриф беришган: “Башариятни ҳидоятга йўллаш учун Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони карим ҳамда бир қанча саҳифалар нозил қилинди. Аммо муаллимлик ниҳоятда шарафли касб бўлгани боис юз мингдан зиёд пайғамбар китоб олиб келмаган, аммо уларнинг барчаси устоз этиб юборилган”.
Қаҳрамонимиз улуғларнинг издоши ўлароқ устозлик касбини танлади. Ҳаётини илм олиш ва зиё улашишга бағишлади. Аёл бўлишига қарамай, эркаклар ҳавас қиладиган натижаларга эришди.
Малика Нормуҳаммедова 1944 йил 9 февралда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келди. Тошкент Давлат университетининг тилшунослик факультетида таҳсил олди. Дастлаб йўлланма асосида Бухоро давлат педагогика институтида талабаларга таълим берди. 1975 йили “Халқ маорифи аълочиси” унвонига сазовор бўлди. Таълим соҳасида турли лавозимларда меҳнат қилган Малика опа 1991 йили педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олди.
1991 йил 8 октябрдан 1992 йил 5 июлга қадар Кўкалдош мадрасасида “Аёллар бўлими” мудири ҳамда диний идоранинг таълим бўлими ходими бўлиб ишлади.
Кўкалдош мадрасасининг “Аёллар бўлими” алоҳида фаолият юритиши учун янги манзилга кўчирилди. “Аёллар бўлими” – Эшон Бобохон номидаги аёл-қизлар ўрта махсус билим юртига айлантирилди. Бунда Малика опанинг ҳиссаси катта бўлди.
Мадраса очилганда мударрисалар олий диний маълумотга эга эмасди. Шу боис улар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олиш таклифини билдиришди. Мудира опага бу таклиф маъқул келди, 1993–1997 йиллар мобайнида 11 нафар мударриса олий маъҳадда таълим олди.
– Малика опадаги ғайрат, шижоат, раҳбарлик вазифаларини сидқидилдан бажариш кўпчилик инсонларда топилмайди, – дейди “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси Муҳаббат Ваҳобова. – Мен бу аёл билан мустақиллигимизнинг илк йилларидан буён бирга ишлайман. У вақтларда мадрасамиз Бодомзорда, Тимирязов кўчасидаги икки қаватли бинода эди. Шароитлари унчалик яхши эмасди. Малика опа мадраса учун барча қулайликларга эга бино топди. Янги ўқув йилини шу бинода бошлашни ният қилган эди. Бироқ айрим сабабларга кўра бунинг иложи бўлмади. Шунда ҳам ҳаракат қилишдан тўхтамади.
“Олимпия” мавзесида жойлашган “Аҳмаджон қори” масжидига қарашли бинонинг ярми Эшон Бобохон номидаги аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти учун ажратилди. Таъ-лим бериш учун бинода етарли шароит йўқ эди. Малика опа бинони зарур жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда таъмирлаш ишларини ўз зиммасига олди. Опанинг елиб-югуриши натижасида зиё маскани ҳар томонлама номига муносиб бўлди. Эндиликда мадраса “Хадичаи Кубро” номи билан аталмоқда.
Янги бинога кўчиб келган кезларимиз мудира опа усталар учун зарур анжомларни бозордан харид қилиб, машинага ортиб, юклар келтирилмасдан бурун қўлига кетмон олиб ишлай бошлади. Шу орада юк машинаси дарвоза олдида тўхтаб, ҳайдовчи меҳнат қуролларини кўтарганча ичкари кирди. “Мудирани чақиринглар”, деди. Шу вақт устозлардан бири боғда кетмон чопаётган опага ишора қилди. Ҳайдовчи: “Наҳотки мудира аёл бўла туриб, эркаклар ишини қилса”, деб лол қолди. Ҳақиқатан, мудира опа ҳар тарафлама кучли, иродали инсон эди.
Устоз доимо изланишда, мутолаадан зерикмас, халқ хизматидан чарчамас, доимо олға интиларди. Шу боис умрини соф Ислом маърифатини ёйиш, ёш авлодни тарбиялашга бахшида қилди. Тадқиқотлари натижасида педагогикага оид йигирмага яқин илмий мақола ва методик китоб, дарслик ва монографиялар нашр эттирди.
Шунингдек, кўплаб хорижий давлатларда ўтказилган халқаро анжуманларда қатнашди. Жумладан, 2006 йили Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан бирга Германияда уюштирилган семинарда қатнашди.
Йигирма йиллар чамаси “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида моҳир ташкилотчи, меҳрибон мудира сифатида дин равнақи йўлида холис хизмат қилди. Аллоҳнинг марҳамати билан меҳнатлари зое кетмади. Опа асос солган аёл-қизлар ислом билим юртини бугунга қадар 700 нафарга яқин талаба битирди.
Зеро, ояти каримада: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўт-ган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят), деб марҳамат қилинган.
Аллоҳ таолодан баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби, мураббий устозимизни икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраймиз.
Мавжуда АБДУЛЛАЕВА
Олмазор тумани отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан