Гўзал тадбир
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул: “Даҳо ижодкор, илҳом ва ибрат махзани соҳиби”, дея таърифлаган Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома”сини мутолаа қилишда давом этамиз. “Бу беназир зот ишқни маърифат ила уйғунлаштиргани билан ҳам чинакам ориф эди…”
Олимнинг Фаридуддин Аттор шахсига берган баҳосининг қанчалик тўғри эканига ишқ ва маърифат ҳақидаги “Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи муҳтарамалари ҳикояти”ни ўқиб яна бир карра гувоҳ бўламиз.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли аёллари бир жойга йиғилдилар ва Сарвари оламга мурожаат қилдилар:
Бўлиб аҳли аёли бир куни жам,
Расулдин сўрдилар: Эй садри олам,
Севарсиз кимни кўпроқ, дилга ким хуш?
Агар билсак, бўлардик барча дилхуш…
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам доно ва ҳозиржавоб эдилар. Аммо “Сиз қай биримизни кўпроқ яхши кўрасиз?” деган сўроқнинг жавобига шошилмадилар. Зеро, бу мушкул масала эди. Хотинларига сабр қилишларини ва бу саволга эртага жавоб беришларини айтдилар.
Кун ўтиб кеч кирди, қоронғи тушди ва ул зот пухта тадбирни ўйлаб топдилар:
Ўтиб кун, кеч кириб, чўкди қоронғу,
Чақирди ҳар аёлни айру-айру.
Ва унга бир узук пинҳона берди,
Узукмас эрди, жонга малҳам эрди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаларининг ҳар бирини алоҳида-алоҳида чақириб, пинҳона ҳар бирига бир узук совға қилдилар.
Деди сўнгра: Узукни асра, эй ёр,
Вале сир тут, бировга айтма зинҳор.
Эрталаб саволларига жавоб олишга ошиқиб, барча аёллар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдилар:
Савол айлаб, жавобин кутдилар жим,
Пайғамбар сўзга лаб очди, дедиким:
Узук берган эсам пинҳона кимга,
Ўшалдур энг суюк жонона менга…
Пинҳона узук олган аёлларнинг қувончи чексиз эди. Чунки ҳар бирлари Сарвари оламдан туҳфа олган ўзича “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг севимли хотини мен эканман”, деб хурсанд бўлган эди.
Боқиб бир-бирларига, олдилар тин,
Бу сирни билмади бир кимса лекин…
Бир-бирига пинҳона боққан аёллар чуқур тин олдилар. Бу сир сирлигича қолди.
Аммо аслида ҳазрат Ойша билан сир ўзгача эди…
Дилида ҳар бири бир сирни дерди,
Вале Ойша била сир ўзга эрди…
Хулосада айтилишича, Ойша онамиз ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир-бирларига ўзгача муҳаббат қўйиб яшар эдилар.
Аммо адолатпеша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа аёлларини ўкситмаслик учун шу йўлни тутдилар. Кўнгилларидагини пинҳон сақлаш учун одоб ва ахлоқ борасида гўзал бир ибрат кўрсатдилар.
Зеро, Аллоҳ таоло Нисо сураси 19-оятида: “Улар билан тотув турмуш кечиринг”, дея марҳамат қилган. Ҳадиси шарифда эса: “Аёллар билан яхши муомалада бўлинг”, дейилган (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Фаридуддин Аттор ҳазратлари ҳикоят охирида келтирган фикрлар Қуръон ва ҳадис кўрсатмаларини яна ҳам қўллаб-қувватлайди.
Ютиб хуни жигар, шод бўл ҳамиша,
Хуну хок ичра озод бўл ҳамиша.
Ютиб қон, билмагунча то жудолик,
Очилмас сенга сирри ошнолик…
Аллоҳ таоло ҳаммамизга “сирри ошнолик” эшикларини очсин, қалбларимизни ўз муҳаббати билан тўлдирсин!
Дилором КАРИМОВА
филология фан номзоди, доцент
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан