Мақолалар

Жаноза намозини ўқиб беришга ким ҳақли?

Чоп этилди Yanvar 30, 2020 Жаноза намозини ўқиб беришга ким ҳақли?da fikr bildirishni o'chirish

Жаноза намозига биринчи бўлиб подшоҳ ёки унинг ўринбосари ҳақли бўлади. Сўнг қози, кейин маҳалла имоми, энг охири насаб қариндошларидан энг яқин, балоғатга етган ёки никоҳ валийлигига энг ҳақли бўлган эркак киши жаноза намозини ўқишга ҳақли. Агар мазкур кишилардан бошқа киши жаноза намозини ўқиб қўйган бўлса, валий (маййитнинг энг яқин кишиси) намозни қайтаришга ҳақи бор. Юқоридагиларнинг барчаси маййит васият қилган кишидан кўра ҳақлидирлар. Агар маййит юқорида зикри ўтган кишилардан бошқа киши жанозани ўқишини васият қилган бўлса, маййитнинг ҳурматидан васият қилинган киши ўқигани афзал. Чунки Умар розияллоҳу анҳу жанозаларини Суҳайб розияллоҳу анҳу ўқишларини, Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса, жанозаларини Абу Бурда розияллоҳу анҳу ўқиш­ларини васият қилишганида, васиятда айтилган саҳо­балар шу ишни адо этишган[1]. Агар маййит жаноза ўқилмасдан қабрга жойланган бўлса, қабр устида валий қайтадан ўқиши мумкин. Лекин валий ўқиб қўйган бўлса, жаноза намозини қайтаришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки фарз соқит бўлди.

Жаноза намозининг рукни 2 та:

  1. Такбирлар.
  2. Қиём (тик туриш).

Шартлари:

  1. Маййит мусулмон бўлиши.
  2. Маййит ювилган бўлиши.
  3. Ният.

Вожиби:

  1. Салом бериш.

Суннатлари:

  1. Сано дуосини ўқиш.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш.
  3. Жаноза дуосини ўқиш.

Келинг, энди шуларни батафсил ўрганайлик. Жаноза намозини ўқишдан олдин мурда ётган тобут саф олдига келтирилади. Маййитнинг боши шимол тарафда, оёғи жануб тарафда бўлади. Шундай жойлаштирилса, мурданинг ўнг тарафи қибла томонда бўлади.

Муҳаммад ибн Яъқуб раҳматуллоҳи алайҳидан у киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар. У зот айтадилар: «Жаноза намозини ўқиб берувчи имом маййитнинг (эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам) кўкраги тўғрисида туради.

«Зоҳирур-ривоя»да келишича: «Тананинг кўкрак қисми аъзолар ичида энг шарафли ўриндадир. Боиси, унда қалб жойлашган»[2].

Тобутни кўтариб келтириш жараёнида жамоатни жаноза намозини ўқиш учун сафга чорлаш мақсадида «Солати жаноза», деб жаҳран айтилади. Бу лафзни айтиш шариатимизда суннат амал ҳисобланади.

Маййит сафнинг олдига келтириб қўйилгач, имом-домлаларимиз қисқароқ қилиб, зарурий масалаларни ёритган ҳолда, амру маъруф қилишлари мумкин. Маърузани кўп чўзиб, қавмни малоллантириш ярамайди.

Қавм намоз сафида қандай турса, бу ерда ҳам шу тарзда туради. Лекин бошқа намозлардан фарқли ўлароқ жаноза намозида саф иложи борича кўпроқ қилинади. Яъни, масалан, имомдан ташқари тўрт киши бўлса, шулар иккита саф қилганлари афзал.

[1] Али ибн Султон Муҳаммад алҚори. «Фатҳу бобилиноя». Байрут: «Доруларқам», 1998, 1-жуз. 445-бет.

[2] Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий. «Шарҳуссоғир». 1-жуз. 117-бет.

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан