Қалбимнинг суянч тоғи
Ҳаёт давом этяпти. Фақат онамнинг уйлари ҳувиллаган, гуллари сўлиган. Мўлтираб қарашлари кўз олдимдан кетмайди, майин-маҳзун овозлари қулоғимга қуйилиб қолган…
Шу йил баҳорда ҳаёт эдилар. “Ўзингни бир кўрсатиб кетсанг, бас”, дердилар онам ойда бир йўқлаганимда. Лекин мен укам ва келин борлиги учун: “Қаровсиз қолмайдилар-ку”, деб кўпам келавермасдим. Ўтган йили кузда ота уйимизга туташ далаларда бир неча кун пахта тердик. Ҳосил мўл экан, иложи борича кўпроқ териб, пул ишлаб олиш илинжида эрта келиб, кеч қайтардим. Ҳатто уйимизга кирсам, вақтим бекор кетади, онам кўп гапирадилар, пахта теришдан қоламан, деб тушликниям хотин-халаж билан шийпонда қилардим. Онам кейинги пайтларда: “Бир кеча ёнимда ётиб қолгин”, дейдиган бўлдилар. Кулардим, бўйи бўйимга тенг болаларимни баҳона қилиб: “Мен бўлмасам, невараларингиз ухламай чиқади”, деб ҳазил-ҳузул билан хайрлашиб кетаверардим… Энди афсусдаман, армондаман.
Мажолсиз, бир бурдагина бўлиб қолган онам қалбимнинг суянч тоғи эканини унинг кўзлари мангуга юмилгандагина англадим. Соғинаман, нафаси, сўзларига зор бўламан. Шу муштипаргина жон менга таянч экан… Онам учун қадрим, ўрним қандай бўлганини тасаввур этганим сайин, савоб дарёси ёнгинасида кечган йилларимнинг қанчаси самарасиз кетгани учун тавбадан бошқа таскиним йўқ…
Кимёхон МАХСУМОВА
Наманган вилояти Косонсой тумани
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан