Ёмон деяверсангиз…
Ёшгина аёл эри ва боласини ташлаб кетди. Орадан анча вақт ўтди, бироқ ундан хабар бўлмади. Эр бошқасига уйланди.
Бола биринчи синфга чиқди. Бироқ дарсларни ўзлаштиролмади. Бунинг учун мактабда ўқитувчисидан, уйда ўгай онасидан тинмай дакки эшитарди. Ҳатто калтак ҳам ерди. У бадтар уқувсиз бўлиб борарди.
Чорасиз қолган ота бошланғич синфни базўр битирган ўғлини темирчига шогирдликка берди. Бироқ бу ҳам кор қилмади. Боланинг асбобларни ушлашга уқуви йўқ, бирор юмушни рисоладагидек бажаролмасди. Уни уйидагилар, мактабдагиларгина эмас, бутун маҳалла аҳмоққа чиқарди-қўйди.
Бир куни болага ўз онасидан совға билан мактуб келди. Хатда она ўғлини жуда соғинганини, уни ҳеч қачон эсидан чиқармаганини, мажбурликдан кетиб қолганини ёзган эди. Совға эса скрипка эди. Бола завқ билан скрипка чалишни ўргана бошлади. Аввалги машғулотлардан фарқли равишда бу сафар жуда тез муваффақиятга эришди. Ҳамма ҳайрон бўлиб: “Бу скрипкада бир сир бор”, дер эди.
Буни билиш учун ҳатто боланинг мусиқа муаллимигача боришди.
– Скрипкада ҳеч қандай сир йўқ, – деди муаллим. – Бола, ўйлаганингиздек, уқувсиз бўлмаган. Олдинига онам мени эсидан чиқарди, деб ўйлагани учун ҳам на ўқиш, на ҳунарга қизиққан. Чунки унутилиш одамга жуда ёмон таъсир қилади. Бироқ онаси унутмаганини, яхши кўришини билгач, қобилиятлари кўз очди. Аслида бу ҳолат ҳаммада содир бўлиши мумкин. Бировга қўлингдан ҳеч нима келмайди, дейилаверса, унинг шижоати сўнади. Сизни қизиқтирган саволнинг жавоби жуда оддий: то онасининг хати уни руҳлантирмагунича болани қизиқтирган, олға юришга ундаган ҳеч бир одам бўлмаган…
Нигора АБДУМУХТОР қизи тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан