Гаджетларга қарамлик касалликми?
Қарамликнинг бу турини ривожланган давлатларда шифокорлар даволашни бошлаб юборишган. Маълумки, гаджет-қарамлик инсон руҳияти ва асаб тизимига таъсир қилиб, оқибатда юрак ва ошқозон-ичак тизимидаги бузилишларга ҳам олиб келади.
Смартфон – ҳаётимизни назорат қилишнинг замонавий усулидир. Бу каби фойдали восита инсонни тинчлантириш ўрнига асабийлашишга сабабчи бўлиши “ғалати”. Тасаввур қилинг, смартфонингиз уйда қолиб кетди, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Кучли стресс, хавотир, ғазаб, иложсизлик каби ҳиссиётлар қамраб олиши турган гап. Агар кўп вақтимизни фейсбук, инстаграм ва шунга ўхшаш ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар билан ўтказиб юборсак, асосий реал ҳаётдаги ишимиз қолиб кетиши мумкин.
Гаджет-қарамлик ҳам бошқа қарамликлар (алкогол, наркотик, қимор ва ҳ. к.) каби ҳаётимизни заҳарлайди. Бу муаммо билан психотерапевтга мурожаат этишга куч топа олганлар илгаригидек ҳаётдан лаззат ололмаётганига, бахтни ҳис қилмай қўйганига, иш ва молиявий жиҳатдан қийинчиликлар келиб чиқаётганидан арз қилади. Бу шикоятларнинг асосида ҳаётий зарур бўлган ишларда диққатни йиға олмаслик ва кўп вақтни виртуал дунёда ўтказиб юбораётганлари ётади.
Гаджет-қарамликни қандай аниқласа бўлади?
Буни аниқлаш қийин эмас. Агар сиз дам олиш кунларини уяли алоқа воситаларисиз ўтказа олсангиз, кунига 5 тадан ортиқ қўнғироқ қилмасангиз ва ижтимоий тармоқ, мессенжерларда “осилиб” қолмасангиз, кўнглингиз хотиржам бўлсин, сиз қарам эмассиз. Агар акси бўлса, қуйидаги тестдан ўтиб кўринг.
Берилаётган 10 та иқрорга самимий муносабат билдиринг:
1. Телефон (смартфон) – менинг ҳаётимдаги асосий восита. Мен усиз ҳаётимни тасаввур қилишим қийин.
2. Смартфоним билан кўп вақт ўтказаман. Бошқа машғулотларга нисбатан анча кўп вақт сарфлайман.
3. Юқоридаги ҳолат сабаб уйимдагилар билан ихтилофлар келиб чиқяпти.
4. Смартфонга сарфлаётган вақтим кундан-кун ортиб боряпти. Унда ўқийман, ўйинлар ўйнайман, гаплашаман ва ҳоказо.
5. Смартфоним кайфиятимни кўтаради, у ёнимдалигида тинчланаман.
6. Агар телефондан фойдалана олмасам, асабийлаша бошлайман.
7. Қулай фурсат топилди дегунча, уни қўлимга оламан.
8. Телефондан фойдаланиш вақтини камайтира олмаяпман.
9. Баъзида смартфондан қанча вақт фойдаланганим ҳақида атрофдагиларимга ёлғон гапирганман.
10. Кўпинча мен учун зарур бўлган ишларни смартфонни деб орқага сураман.
Агар ушбу 10 та иқрорнинг ярми ёки ундан кўпини тасдиқлаган бўлсангиз, гаджет-қарамлик ҳақида жиддий ўйлаб кўришингиз ва амалий ҳаракатларни бошлашингиз керак: гаджет (смартфон, планшет, компьютер)лардан фойдаланиш вақтини чегаралаб қўйишингиз зарур.
Агар 10 тадан 9 тасини тасдиқлаган бўлсангиз, албатта, мутахассисга мурожаат этишингиз ва қарамликка қарши жиддий курашишингиз керак.
Етти кунлик дастур. Гаджет занжиридан халос бўлиш
1-кун: Овозли хабарни ўчириб қўйинг, вибрация ёки овозсиз режимни танланг.
2-кун: Электрон почтангизни кераксиз хабарлар ва обуналардан халос қилинг.
3-кун: Кўчага смартфонсиз чиқиб кўринг.
4-кун: Икки ойдан ортиқ фойдаланмаган иловангизни ўчиринг.
5-кун: Кечки соат 18.00 дан сўнг, ижтимоий тармоқлар ҳақида унутинг.
6-кун: Инстаграм ва фейсбуксиз ҳаётдан лаззат олинг.
7-кун: Телефон ўрнига бошқа воситалардан фойдаланинг (соат, ёндафтар ва ҳоказо).
Энди гаджетсиз ўтган кунингизни бир таҳлил қилиб кўринг!
Дўстлар ва оилангизга кўпроқ вақт ажратдингиз, тўғрими? Уларга яна илгаригидай яқин бўлишни бошладингиз. Реал ҳаётдаги кўпгина ишларингизни анча йўлга қўйиб олдингиз, анчадан бери битмаётган ишингизни якунладингиз.
Табриклайман! Сиз буни уддаладингиз.
Агар уддалай олмаган бўлсангиз, психотерапевт сизга қарамликдан қутулишингизга ёрдам беради.
Гавҳар ТЕШАБОЕВА, психотерапевт
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил 24-сонидан