Ҳаётнинг маъноси
Қадим замонларда бир одам миясига ҳаётнинг маъноси нима деган саволни жойлаб олди.
Топган жавобларининг бирортаси уни қониқтирмас эди ва яна бошқалардан суриштиришда давом этарди. Бироқ уларнинг жавобидан ҳам кўнгли тўлмасди. Мутлақ ҳақ деб билган жавобни топа олмагани боис юртма-юрт юриб ҳаётнинг маъносини учраган одамлардан сўраб шаҳар-у қишлоқ, оралаб юраверди, вақт ҳам оқиб кетаверди…
Умиди узиладиган бўлиб турган чоқда қайсидир қишлоқ одамларидан бири:
– Қаршимиздаги тоғларни кўряпсанми? У ерда ёши улуғ бир олим бор. И стасанг, унинг ҳаловатига бориб кўр, балки сени қийнаётган саволнинг жавобини у билар, – деб маслаҳат берди.
Тоғдан минг машаққат билан ошиб ўтиб, ҳориб-чарчаб олимнинг уйига етиб борди. Ичкарига кириб ундан ҳаётнинг маъноси нима эканини сўради. Олим: “Сенинг саволингга жавоб беришимдан олдин бир синовдан ўтмоғинг керак”, деди. Одам рози бўлди. Олим унинг қўлига бир чой қошиғини зайтун ёғига тўлдириб берди-да:
– Энди чиқиб боғни бир айланиб кел, диққатли бўл, ёғ тўкилмасин, агар ёғ камайиб қолса, синовдан ўтолмаган бўласан, – деди.
Одам кўзини қошиқчадан узмасдан боғни айланиб келди. Олим қарди-да:
– Яхши, ёғ камаймабди. Боғ чиройлимикан? – деди.
Одам ажабланди…
– Аммо мен қошиқдан бошқа нарсага қарай олмадим…
– Энди яна боққа чиқ. Қошиқ қўлингда бўлсин, аммо боғни яхшилаб ўрганиб кел, – деди олим.
Одам яна боққа чиқди, турфа гўзалликларга бурканган ажойиб боғ экан… қайтиб келганида олим:
– Боғ қандай экан? – деб сўради.
Одам боғнинг гўзаллигига мафтун бўлиб қолганини сўзлаб берди.
Олим кулимсираб:
– Аммо қошиқда ёғ қолмабди, – деди ва – Ҳаёт сенинг боқишингга қараб маъно касб этади. Ё фақат битта нуқтани кўрасан, ҳаётинг оқиб кетади, сен уни сезмай қоласан… Ёки кўрган гўзалликларинг орасида ҳаёт кечирасан, ўтиб кетган кунларингнинг маъноси бўлади… Ҳаётингнинг маъноси сенинг назарингда яширин, – дея қўшиб қўйди.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.