Пенсия қачон жорий бўлган?
Яхши ниятли халқмиз. Пайдо бўлганимизда қонимизга, болалигимизда онгимизга сингдирилган эзгу тилаклар ёшимиз улғайгани сайин онгу шууримизда янада мустаҳкамланиб боради: “Пенсияга чиқиб олсам, анови қаровсиз жойни боққа айлантираман”; “Насиб этса, чолу кампир пенсиямизни йиғиб ҳажга борамиз”; “Неварамни пенсиямни тўлаб ўқитаман” ва шу кабилар.
Бинобарин, жамиятимиз ҳаётидаги барча ўзгаришлар инсонларнинг яхши ҳаёт кечириши учун бўляпти. Кексаю ёшни қувонтирган янгиликлардан бири – пенсия борасидаги ўзгаришлар бўлди.
Муҳтарам Президентимиз фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди, 2019 йилдан пенсияни ҳисоблаш тартиби ўзгарди. Унга кўра, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади ва бошқалар.
Давлатимиз раҳбари аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда пенсия тизимизини янада такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистонда 3 даражали пенсия тизими жорий қилиниши бўйича кўрсатма берди.
Умуман, пенсия қачон пайдо бўлган? Унинг фойдали жиҳатлари нималардан иборат? Ёки аксинча тарафлари ҳам борми?
Бу саволларнинг туғилгани тасодиф эмас. Масалан, европаликларнинг бир тоифаси пенсияни жорий этиб, оила институтини барбод қилди, дея Отто фон Бисмаркни ёмон кўради.
“Пенсия” – “пенсио” лотин тилидан таржима қилинганда “тўлов” маъносини англатади. Лекин ниманинг қандай тартибдаги тўлови? У қачон амалга жорий бўлган?..
Араб тилидаги “нафақа” атамаси пенсия сўзига маънодош. Нафақа VII асрда жорий бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир зиммий чолнинг масжид эшиги олдида тиланиб турганини кўриб қолдилар ва: “Сенга нисбатан инсоф қилмабмиз. Ёшлигингда сендан жизя олдик. Кексайганингда сени эътиборсиз қолдирибмиз”, деди. Сўнгра байтулмолдан унга етарли нафақа жорий қилдилар. Шу тариқа у зот пенсия тизимига асос солди.
Европада эса давлат пенсия тизимини 1889 йил Германия канцлери – Отто фон Бисмарк жорий этди. Орадан 20 йил ўтгач, солидар давлат пенсия тизимини Буюк Британия ва Австралия, ХХ асрнинг 30-йилларига келиб АҚШ ҳам амалиётга жорий қилди.
Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида 65 ёш пенсия ёши этиб белгиланган. Европа ва АҚШ яқин келажакда пенсия ёшини 70 ёшга кўтаришни режалаштирган. Ҳозирда пенсияга чиқиш ёшининг энг юқориси 70 ёш. Япония аҳолиси шу ёшда пенсияга чиқади.
Ростдан ҳам, пенсиянинг оилага таъсири борми? Айрим европаликларнинг фикрича, пенсия жорий бўлганидан сўнг оила институти икки томонлама зарба еди: биринчиси, ёшларнинг: “болани нима қиламан, қариганимда давлат пенсия беради-ку”, деган хомхаёли билан туғилиш камайиб кетди; иккинчиси, фарзандлар: “ота-онамга давлат пенсия беряпти-ку, мен ўзимнинг ғамимни есам-чи”, деган ўйда ота-онасига ғамхўрлик қилмай қўйди. Бунинг оқибатида оила пароканда бўлиб, миллат кексайишга юз тутди. Пенсия ёшини узайтиришга эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Лекин, афсуски, бу ҳам муаммога ечим бўла олмайди.
Бизда вазият бошқача. Давлат пенсия берса-бермаса, бола ота-онага ғамхўрлик қилади. Чунки миллий, диний тарбиямиз шунақа: кексаларга ғамхўрлик қилиш – ёшларнинг бурчи. Аслида ёшларнинг кексаларни ҳурмат қилиши ҳурмат-эҳтиромни ўзининг кексайишига захира қилиб қўйишидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир йигит кекса одамни кексалиги учун эҳтиром қилса, Аллоҳ таоло кекса бўлганида уни ҳурмат қиладиган одамни пешонасига (тақдиротида) ёзади”, дедилар».
Миллатимиз ёшлари динимизнинг ана шундай кўрсатмаларига амал қилиб, кексайган ота-онасининг устини бутлаб, қорнини тўқлаб, кўзларини қувнатиб қўйишнинг ҳаракатида юрадилар.
Давлат томонидан пенсия ажратилиши эса нур устига нур. Яъни, инсоннинг фақат оиласида эмас, жамиятда ҳам қадр топганининг ёрқин ифодасидир.
Музаффархон АЪЗАМ
Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан