Масжидларимиз сони кўпаймоқда
Сўнги йилларда мамлакатимизда янги очилаётган, замонавий тарзда қайта таъмирланаётган масжидлар сони тобора ортиб боряпти.
Биргина ўтган 2019 йилда 10 та янги жоме масжид очилди. Натижада республикамизда масжидлар сони 2066 тани ташкил этди. Жумладан, Тошкент шаҳрида улуғ алломалар номидаги “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”; Сурхондарё вилоятида “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Имом Низомиддин Сангардакий”; Наманганда “Муҳаммад ал-Амин”; Фарғонада “Чилигижийда”; Навоийда “Абу Бакр Сиддиқ”; Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра”; Бухорода “Абдуллоҳ ибн Муборак” сингари янги жоме масжидлар фойдаланишга топширилди. Шунингдек, республика бўйича 30 та жоме масжид биноси бутунлай қайта қурилди, 60 та масжид капитал таъмирланди. Бу каби хайрли ишлар мўмин-мусулмон халқимизни бағоят хурсанд қилди.
Масжидлар – мўмин мусулмонлар учун энг муқаддас ва қадрли жой. Бу муборак маскан нафақат ибодат, балки ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва дўстлик ришталарини боғловчи маскандир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларни барпо этувчилар ҳақида бундай дейдилар: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу хайрли ишлар 2020 йилда ҳам давом этади, иншоаллоҳ. Зеро, халқимиз орасида маърифат ва тарбия маскани бўлган масжидларни обод этиш иштиёқи баланд бўлган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан