Китоблар саодатга бошлайди
Физики-математика фанлари номзоди Мукаррам Муҳиддинова билан суҳбат
– Мукаррам опа, глобаллашув даврида яшаяпмиз. Ахборот олиш воситалари хилма-хил, ҳар қадамда, хоҳлаган пайтингда дунёнинг исталган жойи билан боғланиш, узоқ-яқин мамлакатлардаги воқеа-ҳодисалардан лаҳзалар ичида хабардор бўлиш мумкин. Замонавий технологиялар воситасида ижоднинг барча тури билан қоғоз-қаламсиз шуғулланиш, китоб варақламай илмий ва бадиий адабиётларни мутолаа қилиш оддий ҳолат бўлиб қолди. Беихтиёр савол туғилади, наҳотки, инновацион технология воситалари китобларнинг ўрнини боса олса?
– Бу саволга қисқа жавоб бериш қийин. Ота-оналаримиз, ўзимизнинг ҳаётимиздан келиб чиқиб фикр юритсак, ХХ аср тарихимизнинг энг оғир даврларидан бўлди. Мустабид совет тузуми ҳукмдорлари халқимизни ҳар жиҳатдан, жумладан, маърифий-маданий-маънавий жиҳатдан таназзулга учратиш учун етмиш йилдан ортиқ зулм-истибдодга асосланган сиёсатини юргизди. Лекин, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ХХI асрга бир бутун халқ бўлиб кириб келдик. Бунинг сабаблари ҳақида гапирганда, бугунги кунда 80–90 ёшни қоралаганларнинг болалик йилларидан ўчмас хотира бўлиб қолган, ота-боболаримиздан мерос анъана – ўтган асрнинг учинчи чоракларигача давом этган хонадонлардаги китобхонликларни эътироф этмасдан бўлмайди.
Раҳматли бувам Саидашрафхон эшон ўқимишли инсон эдилар, мўъжаз кутубхоналари бор эди. Аммам хонадонларида мактаб очиб, қизларга савод ўргатганлар. Бизга сўзлаб беришларича, оиламиз ўтган асрнинг 20-йилларида қулоқлар рўйҳатига тушган, ота-онам косибчилик билан шуғулланиши уларни сургундан сақлаб қолган экан. Онам кўзларининг олдида китоблар ёқилгани, сувга оқизилганини йиғлаб гапириб берардилар. Лекин шунда ҳам жонларини гаровга қўйиб “Анбиёлар тарихи”, Сўфи Оллоёр, Машраб, Ҳувайдо китобларини яшириб қўйган эканлар. Эслайман: ҳар куни шомдан кейин қўни-қўшни аёллар уйимизга йиғилишарди, онам эшик-деразаларни маҳкам ёпгандан кейин китобларни чиройли овозда ўқиб берардилар. Ўшанда хотирамга ёзилиб қолган сатрлар умрим бўйи қалбимни ёритиб келмоқда.
Замонавий воситалардан ахборотлар, маълумотлар олиш мумкин, лекин уларнинг орқасида ётган ҳаётни – моҳиятни англаш учун; бадиий асарлар қаҳрамонлари билан юзма-юз ёлғиз қолиб, ибрат олиш учун китоб мутолаа қилиш керак, деб ўйлайман.
Ўқитувчилар оиласида ўсдим. Сандалнинг бир томонида дадам (математика ўқитувчиси) ҳар куни дафтар текширсалар, онам китоб ўқиб берардилар. Китоб, китоб ўқишга муҳаббат ёшлигимдан ҳамроҳим бўлди. Ўзим ҳам ўқитувчилик касбини танладим. Ёшлар билан ишлаганда, доим донишмандларнинг, улуғ инсонларнинг фикрларидан фойдланаман. Жаҳонгир Амир Темир “Ким менга тили билан гапирса, мен қулоғим билан, дили билан гапирса, юрагим билан тинглайман”, деган экан. Дунё имомларининг имоми Бухорий ҳазратларининг камтарлигини қаранг: шогирди Имом Термизийга “Мен сендан олган фойдам сен мендан олган фойдангдан кўпроқ”, деб ёзган экан. “Жоруллоҳ” (Аллоҳнинг қўшниси) унвонини олган устози дунё Маҳмуд Замаҳшарий ногоронлигига қарамай, узоқ юртларга бориб илмини зиёда, пухта қилган. Арабларнинг ўзига араб грамматикасидан таълим берган.
– “Тараққиётни орқага қайтариб бўлмайди. Энди фарзандларимиз жуда ёшлигидан телефон, компьютер, смартфон каби нарсаларга қизиқиб, боғланиб, ўрганиб қолишяпти. Бунинг нимаси ёмон?” дейдиганлар ҳам оз эмас…
– Албатта, бу фикрни инкор қилиб бўлмайди. Лекин мен ота-оналар билан суҳбатлашганда фарзандларига китоб ўқиб беришни, китоб совға қилишни доим тавсия қиламан. Ёш болаларга китоб совға қилинганда қанчалар қувониши, уни меҳр-ихлос билан варақлаб тушунишга ҳаракат қилиши, қўлидан қўймай олиб юришини кўп кузатганман. Уларнинг ана шу ҳислатини қадрлаш, рағбатлантириш, ундан вақтида тўғри фойдаланиш, бу қизиқишни катта мақсад сари йўналтириш керак. Замонавий техник воситаларга боғланиб қолиш ўғил-қизларнинг соломатлигига салбий таъсир этиши, уларда бола онгига зиён етказувчи хилма-хил ахборот, маълумот, хабарларнинг аралаш-қуралаш берилишини эътиборда тутган оилалар китобларни энг яқин маънавий дўст тутадилар.
1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатида қулаган иморатлар, деворлар орасидан тиллаю қимматбаҳо буюмлар эмас, эҳтиёткорлик билан асраб-авайлаб қўйилган қанчадан қанча китоблар чиқди. Бобомнинг ҳовлиларидаги вайрон бўлган уйлар деворидан Ислом тарихига оид китоблар, ҳадислар тўпламлари чиққан. Ўша пайтдаги сиёсат тазйиқига учрамаслиги учун, ҳаж зиёратига бораётган одам топиб, ўша китобларни Макка шаҳрига бериб юборишган экан. У муборак шаҳар кутубхоналаридан бирида сақланиб келмоқда.
– Донишмандлардан бири: “Бир йилни режалаштирсанг – шоли эк, ўн йилни режалаштирсанг – дарахт эк, бир умрни режалаштирмоқчи бўлсанг – болаларингни ўқит”, деган экан.
– Ҳа, асрлар давомида ўқиш, ўқитиш деганда бевосита китоблар билан боғлиқ ақлий меҳнат жараёни назарда тутилган. Энди бошқача давр, шарит ва имкониятлар ўзгача. Одамларнинг вақтини тежаш, саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш учун турмушга бундан кейин ҳам замонавий фан-техника янгиликлари кириб келавериши – табиий ҳол. Саломатликка зарари бўлган модда қўшилган таомни фарзандимизга едирмаймиз-ку. Худди шунингдек, интернет ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам моҳиятан турли мақсадларга хизмат қиладиган, маънавиятни заҳарлайдиган материаллар аралашиб ётибди. Зеро, ҳали оқни қорадан, тўғрини нотўғридан ажратишни билмаган болалар, ёшларни ахборотлар олиш, мулоқотга киришувнинг бу бўтана оқимида ёлғиз қолдиришнинг асоратлари оғир, аччиқ бўлиши мумкин. Ўғил-қизларни дунё эътироф этган олиму уламолар, халқ қадрлаган ижодкорларнинг қалби, қаламидан тўкилган зиё манбаи бўлган китобларни танлаб ўқишга ўргатсак, иншоаллоҳ, икки дунё саодати йўлларига бошлаган бўламиз.
Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан