Ёлғонни рост дейишдан сақланиш
Ёлғончи Аллоҳ таолога осийдир. Унинг сўзини рост дейиш эса ёлғонига шерик бўлишдир. Ҳадиси шарифларда ёлғончилик мунофиқлик аломатларидан бири экани айтилган. Пайғамбаримиз мунофиқ киши ҳақида: “…Гапирса, ёлғон гапиради…” деганлар.
Шундай экан, ёлғондан сақланиш билан бир қаторда, ёлғончини ёмон кўриш, унинг айтганларини рост деб билмаслик, ҳатто сўзига қулоқ солмаслик лозим. Чунки тил билан содир этиладиган гуноҳлардан бири ёлғон гувоҳлик беришдир. Аллоҳ таоло бундай амр қилади:
“…Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашинг, ёлғон сўздан ҳам четда бўлинг!” (Ҳаж, 30).
Абдураҳмон ибн Баракадан, у отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларида эдик, шунда у зот (алайҳиссалом): “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?” деб уч маротаба айтдилар. Сўнг: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш…” дедилар-да, ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш, ёлғон гапириш”, деб такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: “Қанийди тўхтасалар”, деб ўйладик. Ёлғон гувоҳлик беришдан қайта-қайта қайтарганларининг сабаби кишиларнинг бунга эътиборсизлигидир. Шунингдек, ёлғон гувоҳлик беришга ундовчи адоват ва ҳасад каби омилларнинг кўплиги ва зарарининг катталигидир.
Ёлғон бирор сўзни ёки ишни аксинча таърифлаш, ўзгартириш, унга йўқ нарсани қўшиш ёки камайтириш, сўзни бошқа маънога буриб юборишни англатади. Ёлғончи кишилар нафақат оиласига, балки жамиятга ҳам зиён етказади. Ундай кимса гуноҳ қилганим йўқ, дейди. Оиласига хиёнат қилади, ишхонада раҳбарини алдайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғончи жаннатга кирмайди”, деганлар. Ёлғон сўз инсоннинг обрўйини кетказади ва юзидан нурини ўчиради.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм