Марҳумларга мармартош керак эмас
Марҳумлар руҳини шод этиб, мозорларни янаям обод қилиш, ўт-ўланлардан тозалаш кўп жойларда ибратли анъана бўлиб қолди. Лекин бир кўнгилсиз ҳолат борки, уни тўғрилашга жиддий эътибор қаратилмаяпти. Яъни, қабрлар устига ёдгорлик тошлари қўйиш нечоғли тўғри ёки нотўғри эканини одамларга тушунтириш, бу борада эскидан қолган иллатлардан воз кечишнинг вақти-соати етди.
Қабр устида ўсган ўт-ўлан, майсалар маййитга тасбеҳ айтиб туради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам марҳум тупроққа қўйилгач, қабри устига иккита ҳўл чўп суқиб, улар қуриб қолгунича тасбеҳ айтиб туришини айтганлар.
Демак, қабристонлардаги каттаю кичик мармартошлар, панжараю безакларнинг вафот этган яқинларимиз учун ҳеч қандай нафи йўқ. Кимдир ўзини кўрсатиш – манманлик учун, кимдир бошқаларга тақлид қилиб билиб-билмаган ҳолда қабрга ишлатган мармартош, темирларни яхши мақсад йўлида бошқа ишларга сарфласа, исрофнинг олдини олган бўлади. Зеро, марҳумлар руҳини фақат уларга бағишланган Қуръон тиловати, дуолар ҳамда яхши амалларимиз билан шод этишимиз мумкин, холос.
Музаффар ЖАҲОН
журналист, Навоий вилояти
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан