Нотаниш халоскорлар
Ўшанда қиш чилласининг сўнгги кунлари эди. Онам ва оилам билан Хартанг қишлоғига, тоғамникига меҳмонга бордик. Тушдан сўнг мезбонлар билан хайрлашиб, “Жигули”га ўтирдик-да, уйга йўл олдик.
Ҳаво илиқ, ерда қор йўқ эди. Йўлимиз “Ингичка” довони орқали ўтарди. Довонга яқинлашганимиз сари атрофдаги қир-адирларда қор уюмлари кўзга ташлана бошлади. Хавотирга тушдим: “Ишқилиб йўл очиқ бўлсин-да”.
Довон йўли қор билан қопланганди. Тепага ўрлашдан олдин тўхтаб, машина ғилдиракларига разм солдим: орқадагилари анча едирилган. Ўйланиб қолдим, чунки йўл четларида тўхтаб турган машиналар, баъзан уловларни тепага зўрға итариб чиқаётган одамлар кўзга ташланарди.
Таваккал қилиб, машинани юргиздим. Бошланишига илдам кетдик. Бундай вазиятда тезликни йўқотиш қалтислиги учун тинмай газ берардим. Қиялик тобора тик бўлиб борарди. Машина секинлаб, довон тепасига чиқишимизга тахминан 200 метр қолганда тўхтади. Вазиятдан чиқиш умидида уловни тезлик олиши мумкин бўлган жойгача орқаси билан тушиб, шиддат билан юқорига ҳаракатланардим. Бироқ неча бор қайтмай, аввалги жойда тўхтаб қолаверардик.
Қош қорайиб, этни жунжиктирадиган аёз бошланди. Онам, хотиним, болаларим: “Энди нима қиламиз?” дегандек менга термулишди. Эртароқ йўлга чиқмаганимга, пастдалигимизда ғилдиракларни алмаштириб олмаганимга пушаймон қилардим.
Ҳафсалам пир бўлганидан онда-сонда зувиллаб ўтаётган уловларга қўл кўтармай ҳам қўйдим. Яратганга дуо қилиб, марҳаматидан умидвор бўлиб турардим. Шу аснода пастдан янги “Москвич” чироқларини ёққанча чиқиб келди. Йўлдаги муз парчаларини атрофга сачратиб, тепаликка кўтарилди. Орқасидан ҳавас билан қараб қолдим.
Орадан чамаси беш дақиқа вақт ўтди. Бир пайт қадам товушлари эшитилди. 30–35 ёшлардаги азамат йигитлар экан. Ёнимга келиб, сўрашишди.
– Машинани ўт олдиринг, биродар, сизга ёрдам бергани келдик, – деди бири.
– Э раҳмат! – дедим севинчим ичимга сиғмай. – Сизларни Худо етказди.
Шоша-пиша ўт олдирдим. Йигитлар итариши билан улов кўтарила бошлади. Тепага чиқиб олгач, машинани четга тўхтатдим. Тушиб, чин дилдан миннатдорлик билдирдим. Йигитлар ортиқча гап айтмай: “Яхши етиб олинглар!” дейиш билан чекланишди. Кейин олдинда турган “Москвич”га ўтириб, бирпасда кўздан ғойиб бўлишди.
Ҳаяжон ичида уларнинг кимлигини, қаерданлигини ҳам сўрамабман. Ич-ичимдан меҳрибон Аллоҳга шукроналар айтар, онам йиғлаганича дуо қилиб борарди…
Мана, орадан анча йиллар ўтди. Ҳануз ўша кунни, нотаниш халоскорларни эсласам, ичим ёришади. Эзгуликка рағбатим ортади.
Насриддин ҚЎЛДОШЕВ
Шароф Рашидов тумани
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан