Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари баракасидан ўнта фарзанд кўрган эр-хотин
Умму Сулайм Абу Талҳа Ансорийга турмушга чиққанда ёқимтой бир гўдак кўрди. Гўдакнинг отаси (Абу Талҳа) ҳам уни жуда қаттиқ яхши кўрар эди. Гўдак дардга чалиниб вафот этди. Отаси Абу Талҳа ўз иши билан эди. Ишдан қайтиб боласи ҳақида сўраганда, хотини Умму Сулайм: «У олдингидан анча тинч», деб жавоб берди ва эрига кечки овқатини келтириб берди. Сўнг хушбўйланиб, эрини кўнглига манзур бўладиган энг яхши кийимларини кийди. Эри ундан ўз ҳожатини битириб бўлганидан кейин унга қараб: “Эй Абу Талҳа! Сен нима дейсан, агар бир қавм бир қавмдан бир нарсани қарз-омонатга олган бўлса-ю, омонатни берган қавм олганидан ўз омонатларини сўраса, омонатни олган қавм уларга рад жавоб бериши мумкинми?” деб сўради. Абу Талҳа: “Йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Умму Сулайм: “Аллоҳ азза ва жалла сенга бир фарзандни омонатга берган эди, сўнг уни Ўзига қайтиб олди. Ўзингни қўлга ол, сабр қилгин, истиржо[1] калимасини айтгин”, деди. Абу Талҳа тонгда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтди[2]. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сиз иккингизнинг кеча ўтказган тунингизга барака берсин”, деб дуо қилдилар. Умму Сулайм яна ҳомиладор бўлди. Бола туғилгач, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га келтирдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурмонинг бир бўлагини олиб, чайнадилар ва чайналгандан ҳосил бўлган тупукларини жамлаб гўдак оғзининг тўрига солдилар, гўдакка меҳрибонлик кўрсатдилар. Гўдак сергак тортиб оғзидагини ютди ва тилини чиқара бошлади. Умму Сулайм: “Ё Расулуллоҳ! Унга исм қўйинг” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абдуллоҳ, деб исм қўйдилар. Мадинада фазилатда унга тенг келадиган йигит йўқ эди. Ундан Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилган кўп ўғиллар туғилди. Абдуллоҳ форс диёрида шаҳид бўлди.
Бир ривоятда келтирилишича, Абу Талҳанинг ўнта фарзанди бўлган ва ҳаммаси ҳофизи Қуръон, яъни қори бўлишган[3].
[1] Бошга мусибат тушганда айтиладиган илоҳий калом; “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун – Албатта биз Аллоҳнинг мулкимиз ва Унга қайтгувчилармиз”.
[2] Яъни, маслаҳат сўраб борди.
[3] Саҳиҳ ҳадис. Имом Абу Довуд, “Сунан”, 2056-ҳадис. Имом Бухорий, “Ал-Жомиъус-саҳиҳ”, 2-жуз, 132,133-ҳадислар. Имом Муслим, “ас-Саҳиҳ”, 6-жуз, 174,175-ҳадислар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган