Каззобни ўлдирган саҳоба
Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб Ҳабаший розияллоҳу анҳу зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан. Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди.
Уҳуд жанги бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, дейди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилади.
Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.
Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Амир Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамза розияллоҳу анҳуни шаҳид қилди…
Жанг ниҳоясига етгач, қурайшликлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Тоифликлар ҳам тез орада Ислом неъмати билан шарафланишди. Бу ҳолат унда умид учқунларини порлатди. Ниҳоят, Ваҳший ибн Ҳарб ҳам мусулмон бўлди.
Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ваҳший ибн Ҳарб Уҳуд куни Ҳамза ибн Абдулмутталибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қалбларини яралаган бўлса-да, кейинчалик Ямома жанги куни сохта пайғамбар Мусайламатул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар дардига малҳам бўлди. Тарихчилар Ваҳшийга: «У энг яхши одамни… ва энг ёмон одамни ўлдирди», дея таъриф берган. Ваҳший ибн Ҳарб розияллоҳу анҳу ҳазрат Усмон даврида вафот этди.
Раҳматилло МАДАМИНОВ
Фарғона вилояти, Қўштепа туманидаги “Эшонгузар” жоме масжиди имом ноиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан