Имомга қандай ҳолатда иқтидо қилинади?
Киши фарз намозни бир ўзи ўқий бошлаганида ҳали биринчи ракати саждасини қилмасидан ёки бошлагани фарз намози тўрт ракатли бўлмай, унинг биринчи ракати саждасини қилганида, жамоат ўша фарз намозни ўқий бошласа (имом таҳрима такбирини айтса), салом беради ва имомга иқтидо қилади. Агар тўрт ракатли фарз намозни бошлаб унинг биринчи ракатига сажда қилганида жамоат ўша фарз намозни ўқий бошласа, яна бир ракат ўқиб қаъдада ўтиради ва ташаҳҳуддан сўнг салом бериб имомга иқтидо қилади.
Агар тўрт ракатли фарз намознинг уч ракатига сажда қилганида жамоат ўша фарз намозни ўқий бошласа, бошлагани намозни тугал ўқийди. Сўнг хоҳласа, нафл намоз ниятида имомга иқтидо қилади. Аммо ўқигани аср намози бўлса, аср намозидан сўнг нафл намоз ўқиш макруҳ бўлгани учун имомга иқтидо қилмайди.
Агар тўрт ракатли фарз намознинг учинчи ракатига турганида, учинчи ракат саждасини қилмасидан олдин, жамоат ўша фарз намозини бошласа, қиёмда салом бериб, имомга иқтидо қилади.
Киши масжидга келганида имом фарз намозни ўқиётган бўлса, суннат намозини ўқимасдан дарҳол имомга иқтидо қилиши керак. Аммо бомдод намозида қарайди, агар унинг суннатини ўқиса, фарзининг бир ракатини имом билан ўқишга улгуролса, олдин суннатини ўқийди. Сўнг имомга иқтидо қилади. Агар улгуролмаса, суннатини ўқимай имомга иқтидо қилади. Бу ҳолатда фарздан сўнг суннатни ўқимайди. Чунки жамоат намозининг савоби намозни танҳо ўқиш савобидан кўп.
Суннат намозларнинг қазоси
Бомдод намозининг суннати фақат фарзи билан қазо бўлса, заволгача (пешин вақти бўлгунича) ўқилади (заволдан сўнг фақат фарзнинг қазоси ўқилади). Пешин намозининг олдинги тўрт ракат суннат намози (имомга иқтидо этилгани учун) ўқилмаган бўлса, пешин намозининг вақтида, фарзидан сўнгги икки ракат суннатидан аввал ўқилади.
Жамоат намозининг фазилати
Жамоат билан ўқилаётган фарз намознинг сўнгги ракатига етишган киши жамоат фазилатига эришган бўлади. Жамоат билан ўқилаётган фарз намознинг уч ракатига етишган киши ҳақида турлича фикр мавжуд.
Саҳв саждасининг ҳукми
Намозда бир ё бир неча бор адашиб вожибни тарк қилган кишига икки сажда, ташаҳҳуд ва салом вожиб бўлади.
Вожибни била туриб, тарк қилиш
Намозда қасддан вожибини тарк қилган киши гуноҳкор бўлади ва у хатосини тузатиши учун намозини қайта ўқиши лозим бўлади.
Намозда вожибини қасддан тарк қилган киши саҳв саждаси қилмайди. Фақат бу уч ҳолатда:
— биринчи қаъдани қасддан тарк қилганда; .
— биринчи ракатнинг икки саждасидан бирини намоз охиригача қасддан кечиктирганда; .
— бир рукнни адо этиш (бир тасбеҳ айтиш) микдорича қасддан хаёл сурганда саҳв (узр) саждаси қилиши лозим дейилган.
Саҳв саждаси қачон қилинади?
Ташаҳҳудни ўқиб бўлгач (имом ўнг томонига, танҳо ўқувчи икки томонга), салом бергандан сўнг охирги қаъдада саҳв саждасини қилиш суннатдир. Салом бермасдан саҳв саждаси қилиш танзиҳан макруҳдир.
Саҳв саждаси қуйидаги ҳолларда соқит бўлади:
— бомдоднинг фарз намозида салом бергач, қуёш чиқиб қолса;
— аср намозида салом бергач, қуёшнинг ранги ўзгариб, қизариб қолса;
— салом берганидан сўнг намозни давом эттиришга монелик (бир жойдан қон чиқиши каби) сабаб саҳв саждаси соқит бўлади.
Кимларга саҳв саждаси лозим бўлади?
Имомга саҳв саждаси лозим бўлса, унга иқтидо қилганларга ҳам саҳв саждаси лозим бўлади. Иқтидо қилганларнинг адашиши билан имомга саҳв саждаси лозим бўлмайди.
Масбуқ (биринчи ракатдан сўнг иқтидо қилган киши) имом билан саҳв саждаси қилади, сўнг намознинг қолган қисмини давом эттириш учун ўрнидан туради. Масбуқ намознинг қолган қисмини ўқиётганида, унга саҳв саждаси лозим бўлса, яна саҳв саждаси қилиши керак. Аммо лоҳиқ (намозни имом билан бирга бошлаган киши) намоз асносида мудраш билан имомдан бир ё икки ракат орқада қолиб кетса, имом салом берганидан сўнг имом билан ўқимаган ракатларни ўқиётганида адашса (саҳв саждаси лозим бўлса), саҳв саждаси қилмайди.
Имом жума ва ҳайит намозларида адашса, саҳв саждаси қилмайди.
Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан