Ёлғон тўқиган золимдир
Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Киши ўз насабидан (отасидан) воз кечиб, бошқа насабни олиши ё кўрмаган нарсани кўрдим деб айтиши ёки Набий алайҳиссаллом айтмаган гапни, айтдилар дейиши – энг буюк ёлғонлардандир” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг буюк ёлғонлардан деб зикр этган уч ёлғоннинг ҳар бирида ақида ва жамиятни бузадиган хатар бор.
“Киши ўз насабидан (отасидан) воз кечиб бошқа насабни олиши”. Киши отасидан воз кечиб, ўзга бир инсоннинг насабига ўтиши билан ҳақли бўлмаган меросга эга чиқиши мумкин. Бу эса ўзгалар мулкини ботил йўл билан ейишдир. Яна, бу нисбат сабаб воқеликда никоҳланиши ҳалол бўлган аёллар (яъни, бегона аёллар унга маҳрамга айланиб) никоҳини ҳаром, никоҳланиши ҳаром аёлларга (яъни, маҳрамлари унга бегонага айланиб) никоҳланишини ҳалол ҳисоблаш каби салбий оқибатлар юзага чиқади.
Бу ҳукм аёлларга ҳам тегишлидир.
“Кўрмаган нарсани кўрдим деб айтиши”. Ҳадисда “кўриш” лафзидан мурод “туш”дир. Масалан, атайлаб: “Тушимда фалон, фалон нарсани кўрдим”, деб ёлғон гапиради.
“Набий алайҳиссалом айтмаган гапни, айтдилар деб гапириши”. Одатда инсонлар орасида Набий алайҳиссалом айтмаган гапларини айтдилар, дейиш ҳоллари кўп учрайди. Шунинг учун ҳадисда “гап” лафзи зикр этилди. Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом қилмаган ишларини қилдилар, дейиш ҳаромликда айтмаган гапларини айтдилар, деб ёлғон сўзлаш билан тенг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг номимдан ёлғон гапирса, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин” (Имом Бухорий ривояти), деб огоҳлантирганлар. Чунки у зот алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруқларини, шариат ҳукмларини умматларига етказдилар. Шу боис ким у зот алайҳиссаломга ўзлари айтмаган бирор сўз ёки қилмаган амалларни нисбат берса, шариатни ёлғон деб даъво қилаётган бўлади. Аслида дунёда бундан кўра буюк гуноҳ ёки қаттиқроқ хатар йўқ. Парвардигор бундай огоҳлантиради: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган (одам)дан кўра ким ҳам золимроқдир?!” (Аъроф сураси, 37-оят).
Манбалар асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан