Аёллар

Пиёданинг олдида уловингни мақтама!

Чоп этилди Fevral 11, 2020 Пиёданинг олдида уловингни мақтама!da fikr bildirishni o'chirish

Бувижонимнинг дугонаси бўларди. Фарзандлари вафот этиб кетганми ё бола кўрмаганмиди, эсимда йўқ, кунда-кунора бизникига келардилар.

Бир куни ўша аёл бизни мақтаб қолдилар:

– Ўртоқ, невараларингга кўз тегмасин, бир-биридан ақлли, бир-биридан доно-я! Қандоғам бахтли экансан!

Мен ғурурланиб бувимга қарадим. Ичимда: “Ҳозир бувим ҳам бизни мақтайдилар, айниқса, мени!” деб маҳтал турибман.

Лекин бувим:

– Э, қўй, мақтама буларни! Бола-чақанинг фитна эканини билмайсан-да! Сен шукрингни кўпайтир. Бу неваралар ҳам бор бўлсин-у, лекин… – у ёғига аллақанча менга ёқмаган гапларни айтдилар.

Болалигимга бориб, бувимдан хафа бўлдим. Кечгача тўрсайиб юрдим. Кечки пайт бувим мени ёнларига чақирдилар.

– Бояги гапларимга хафа бўлдинг-а? – дедилар.

Мен баттар тумшайдим.

– Ҳали ақлинг тўлишмаган-да, қизим, шунга хафа бўлдинг. Қулоғингда бўлсин, улғайиб, фарзанд кўрсанг, фарзанди йўқ аёлларнинг олдида болаларинг билан зинҳор мақтанма! Уйи йўқнинг олдида уйингни мақтама! Пули йўқ, ночорнинг олдида тўкинлигинг билан мақтанма! Пиёданинг олдида уловингни мақтама! Айб бўлади!

– Нимаси айб бўлади?

– Унинг ношукрлиги кўпаяди, ичида ҳасад уйғониши мумкин, ўксиши мумкин, бир дардига ўн дард қўшилиши мумкин… Буларга сабаб бўлиб қолмаслик керак. Бировнинг ўкинчдан бўйни бўкилишига сабабчи бўлиш айб… йўқ, гуноҳ бўлади, қизим…

Бу ўгитлар ҳаётимда шунчалар кўп асқатдики…

Сизларга ҳам илиндим, мана.

Ижтимоий тармоқдан