Ҳеч нарса абадий эмас!
Аллоҳ таоло бандаларини чинакам бахтиёр ҳаёт кечиришини истайди. Шу боис бизга саноқли умр берди. Асосий ва абадий умримиз охиратда бўлишини хоҳлади.
Дунёдан эрта кетганларга ачинманг. Аллоҳ уларни тезроқ абадий ҳаётга ўтишларини истади. Уларга Ўз жамолини кўрсатишга ошиқди. Бу – буюк бахт! Дунё фоний экан, ундаги мусибатлар, қувончлар ҳам абадий эмас.
Ўткинчи дунёнинг мусибатлари ҳам доимий эмас. Аллоҳ таоло мусибатларни енгиллаштириб, бало-қазоларнинг ҳимоя воситаларини ҳам бериб қўйди. Улар сабр ва дуодир. Мусибатлар ушбу хислатларга эга зотларга яқин йўламайди. Яқин йўласа-да, тезда чекинишга мажбур бўлади.
Инсон – бақувват жонзот. У елкасида гуноҳни кўтаради. Бу юк хоҳласа-хоҳламаса, кундан-кун кўпаяверади. Буни сезмайсиз, аммо Холиқ кўриб туради. Юкни кўтара олмайдиган даражага келганимизда, азбаройи, бизларга раҳми келганидан юкни енгиллатишимизни истайди. Қалбимизга дуо ва сабрни жойлайди. Дуоларимиз, сабримиз гуноҳлардан иборат юкларимизни камайтираверади. Бўйнимизда гуноҳлар залвори камайгач, бандалигимизга бориб яна гуноҳга қўл урамиз. Аллоҳ таоло меҳрибонлиги туфайли бизларга яна гуноҳдан халос бўлиш имконини беради. Имконни қўлдан чиқараверганларга қайта-қайта имкон берилавермайди. Бу улкан йўқотишдир.
Чин дўст ким?
Баъзан кам бўлса-да, содиқ дўстларимиз борлигидан мақтаниб юрамиз. Аслида ҳам шундайми? Ҳа, улар яхши-ёмон кунларимизда ёнимизда бўлишга ҳаракат қилишади. Ҳатто ўз манфаатидан дўстининг манфаатини устун кўрадиганлари ҳам бор. Лекин баъзан яхшиликларига муносиб жавоб қайтара олмасангиз, чин дўст деб ўйлаган кишингизнинг муносабати ўзгарганини сезиб қоласиз. Тўғри, у ҳам инсон, доим яхши бўлиш ҳеч биримизнинг қўлимиздан келмайди.
Бир нарсани тан олмоқ лозим. Аслида чин дўст топишнинг иложи йўқ. Мўминларга чинакам дўст ягона Аллоҳдир. У Зот ҳар қандай ҳолатда ҳам сизга яхшилик қилади.
Заҳириддин МАНСУР
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан