Аллоҳдан паноҳ сўранг
Тафсир
“Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжатсиз талашиб-тортишадиганларнинг дилларида кибрдан ўзга нарса йўқ. Улар унга етишгувчи эмаслар. Бас, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир. Албатта, осмонлару ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқдир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар. Кўр билан кўрувчи баробар бўлмас. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан ёмонлик қилганлар ҳам. Жуда кам эслайсизлар. Албатта, соат (қиёмат) келгувчидир. Унда шубҳа йўқ. Лекин одамларнинг кўплари имон келтирмаслар” (Ғофир сураси, 56–59-оятлар).
Ушбу оятларни Имом Замахшарий бундай тафсир қилган: Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Аллоҳнинг оятлари ҳақида тортишувчилар қалбида кибр бор. Улар ўзларидан ҳеч ким устун бўлмаслигини исташади. Шунинг учун сиз билан адоватлашиб, мўъжизаларингизни тан олишмайди. “Агар у (Қуръон) яхшилик бўлганида, унга биздан аввал бормасдилар, дейдилар” (Аҳқоф сураси 11-оят). Уларнинг муддаолари раҳбарлик, пайғамбарлик ёки оятларни инкор қилишдир. Улар бундай дейишарди: “Соҳибимиз Довуднинг ўғли Масиҳ чиқади (яъни, дажжолни назарда тутишади). Унинг султонлиги қуруқлигу денгизни қамраб олади. Ундан подшоҳлик бизга қайтади”.
Уларнинг (тортишувчилар) ҳасадгўйлиги ва боғийлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранг. У Зот сизга уларнинг устидан нусрат беради ва ёмонликларидан сақлайди (“Ал-кашшоф”).
Қиёмат куни барча махлуқот қайта яратилади. Бу иш Аллоҳ таолога осондир. Осмонлар ва ерни яратиш инсонларни яратишдан катта ишдир. Демак, осмонлар ва ерни яратган Зот инсонни қайта яратишга шубҳасиз, қодирдир. “Улар осмонлар-у ерни яратган ва уларни яратишда беҳол бўлмаган Аллоҳ ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканини англаб етмадиларми? Зеро, У зот ҳар бир нарсага қодирдир” (Аҳқоф сураси, 33-оят), (“Тафсирул Қуръанил азийм”).
Тафсир китоблари асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан