Ростгўйни ёлғончига чиқаришдан сақланиш
Ёлғонни рост дейиш қанча гуноҳ бўлса, ростгўйнинг ростгўйлигини билиб туриб, уни ёлғончига чиқариш икки баробар гуноҳдир. Пайғамбаримиз ва бошқа набийларга осий бўлган кимсалар уларнинг ростгўйликларини билатуриб, уларни ёлғончига чиқарган эдилар. Ҳар қандай ростгўйни ёлғончига чиқариш юзсизлик, ўша инсонга хиёнатдир.
Аллоҳ таоло:
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинг ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлинг!” (Тавба, 119) дея амр этган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида: “Етти тоифа борки, Аллоҳ уларни Ўзининг (Аршининг) соясидан бошқа соя бўлмаган кунда Ўз соясига олади: одил подшоҳ; Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит; қалби масжидга боғланган киши; Аллоҳ йўлида бир-бири билан дўст бўлган кишилар; олийнасаб, гўзал аёл ўзига (зинога) чорлаганида: “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деб унамаган киши; ўнг қўли берган садақани чап қўли билмайдиган даражада махфий эҳсон қиладиган киши ва ёлғиз қолганда Аллоҳни зикр қилиб, кўзёш тўккан киши”, деганлар.
Шу етти тоифанинг бири одил подшоҳ бўлиб, у ўз қўл остидагиларга нисбатан адолатни сақлаб туради. Шунингдек, одил раҳбар ҳадиси шарифда зикр қилинган дуолари сўзсиз ижобат бўлувчи уч тоифанинг биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа киши борки, улар қилган дуо ҳаргиз рад этилмайди: рўзадорнинг ифтордан олдинги дуоси, одил подшоҳ ва мазлумнинг дуоси. Аллоҳ уларнинг дуосини булутлардан баланд қилади ва дуо учун осмон эшикларини очиб қўяди ва бундай дейди: “Иззатимга қасамки, озгина фурсатдан кейин бўлса-да, албатта, ёрдам бераман”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёматда Аллоҳга инсонлар ичида энг суюклиси ва энг яқини ҳам одил подшоҳ бўлади. Аллоҳга энг узоғи золим подшоҳдир”, дедилар. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Эй Абу Ҳурайра! Бир соатлик адолат олтмиш йил кундузлари рўзадор, кечалари қоим бўлиб қилинган (нафл) ибодатлардан афзалдир. Эй Абу Ҳурайра! Бир соатлик адолатсизлик, Аллоҳ азза ва жалланинг наздида олтмиш йил Яратганга қилинган осийликдан ёмондир”.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм