Ориф бўлгин, сабр сенга ёр бўлсин…
Жамолиддин МУСЛИМ
Ўгит
Умринг сенинг – турфа гулзоринг,
Умринг сенинг – турфа бозоринг,
Умринг сенинг – севинчинг, оҳинг,
Умринг сенинг – савоб, гуноҳинг,
То тириксан ҳеч унутмагин:
Шундай яшагин: яраганга ярагин.
Кўнгил боғи нозик, қарагин –
Гул ҳам ўсар, хор ҳам бўй чўзар.
Ҳаётда ўзингдан савол сўрагин,
Ўрнингга қарзингни, айтгин, ким узар?
Яхшилик боғига ниҳол қадагин,
Шундай яшагин – яраганга ярагин.
Яратган розидир яраганингдан,
Дўсту ёрондан ҳол сўраганингдан,
Қувониб юрмагин тўралигингдан,
Ғурурга берилсанг – ғўралигингдан,
Атрофингга уйғоқ, теран қарагин,
Шундай яшагин – яраганга ярагин.
Боболаринг ўтди дунёга яраб,
Момоларинг ўтди дунёга яраб,
Турмадилар ҳаргиз бир четда қараб,
Ёхуд ўтмадилар ҳаргиз кун санаб,
Руҳларин шод қилиб, раҳмат сўрагин,
Шундай яшагин – яраганга ярагин.
Ортингдан эргашар ўғил-қизларинг,
Улар – эртанги кун, босар изларинг,
Ерга қаратмагай нурли юзларинг,
Магар мерос қолди олтин сўзларинг.
Юзим ёруғлиги ушбу тилагим:
Шундай яшагин – яраганга ярагин.
Наманган
Бўрибек МУСУРМОН
Мен Аллоҳдан сўрадим…
Кимдир пойлаб отади,
Кимдир ошкор сотади,
Биров ҳасадга тўлиб,
Тубан тушиб ётади.
Мен Аллоҳдан барига
Инсоф бер, деб сўрадим.
Хато қилишим кутган,
Адо бўлишим кутган,
Ҳатто бандалик қарзи –
Саломин ичга ютган
Кимсаларга Аллоҳдан
Сабр бер, деб сўрадим.
Ким тинимсиз чопади,
Ким тишлайди, қопади.
Ким сен эккан ниҳолни
Тепкилайди, чопади…
Мен Аллоҳдан уларга
Имон бер, деб сўрадим.
Қўлингни бер, бўл уйғоқ,
Атрофингга теран боқ:
Нурга тўлган ҳамма ёқ,
Гинани қув, бўл ўртоқ.
Мен Аллоҳдан ҳаммага
Инсонийлик сўрадим.
Ангор тумани
Шукур ДАДАШ
Дуо одоби
Набийга саҳоба деди: Улуғ зот,
Дуо қачон бўлар тўлиқ ижобат?
Жавоб айладилар ул Расулуллоҳ:
– Сўзимни бошлайман, аввало, Аллоҳ
Мискин, ота-она ҳамда мусофир
Дуосин бегумон мустажоб қилур.
Дуо айламакка кўп амал керак,
Суврат, сийрат ҳалол, беғубор юрак.
Шубҳа қилмай этса холис илтижо,
Қалбдаги нияти бўлади бажо.
Таҳоратда бўлсин, кийсин пок либос,
Эътиқоди бўлсин тақводорга хос.
Дуо маъносини англасин аввал,
Тазурру ҳолида бўлсин ҳар маҳал.
Фақат ғам тортганда сўрмасин мадад,
Дуо бардавомдир чексиз, беадад.
Ҳар он ҳамдлар айтсин ягона Зотга,
Жон юртин, жон халқин олиб у ёдга.
Мана шу дуонинг талаб, одоби,
Қуръону ҳадиснинг гўзал бир боби.
Тошкент
Раҳмат САМАНДАРОВ
Журъат эт
Оласан-у, лекин олиб кетмассан,
Гуноҳ билан пок манзилга етмассан,
Хиёнат-ла топсанг, бойиб кетмассан,
Ориф бўлгин, сабр сенга ёр бўлсин.
Қўлингдадир тақдирингнинг тизгини,
Аллоҳ берган онг, ақл ва сезгини,
Ҳалол меҳнат бўлар қалбнинг таскини,
Ориф бўлгин, сабр сенга ёр бўлсин.
Нафс кўйида юрма эгри йўллардан,
Аллоҳ рози бўлмас эгри қўллардан,
Тўкма заифларнинг ёшин кўзлардан,
Ориф бўлгин, сабр сенга ёр бўлсин.
Баъзан булут қуёш юзин тўсади,
Ёлғон бир кун ўз тилингдан осади,
Ҳақни десанг, дилинг доим тозадир,
Ориф бўлгин, сабр сенга ёр бўлсин.
Навбаҳор тумани
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан