Ҳазрат Умарнинг имон келтириши
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Ҳазрат Умарнинг имон келтириши шундоқ эдики, унинг Фотима номли бир қиз қариндоши бор эди. Саъд ибн Зайд билан баробар Пайғамбаримизга келиб, яширинча динга киришди. Лекин акалари Умар ибн Хаттобнинг бу ишдан хабарлари йўқ эди. Жаноб Пайғамбаримиз ҳазрат Арқам саҳобанинг уйида уч йил яширинча мўминларга Қуръон ўқитиб, Ислом ҳукмларини ўргатардилар. Бир куни туриб, шундоқ дуо қилдиларким:
– Эй Бори Худоё, Қурайш қабиласи ичида биринчи Умар ибн Хаттоб, иккинчи Абу Ҳакам ибн Ҳишом, бу икки кишининг имон келтиришлари билан Ислом динига ривож бергин, – дедилар.1 Абу Жаҳлнинг аввалда оти Абу Ҳакам эди, Пайғамбаримизга кўп жоҳиллик қилгани сабабли отини “Абу Жаҳл” қўйдилар. Бу иккови Қурайш қабиласи ичида обрўли ва ҳам икки уруғ халқининг раислари эди. Шунинг учун жаноби Пайғамбаримиз бу иккови имон келтирса, бошқалар ҳам эргашиб имонга кирсалар, динимиз ривож топармикин, деган мақсадда дуо қилган эдилар.
Бир куни Наъим ибн Абдуллоҳ номли киши, бу эса яширин имон этган саҳобалардан эди, кўчада Умар ибн Хаттоб билан учрашиб қолди. Қараса, урушга чиққан кишидек қилич тақинган, феъли бошқачароқ кўринди. Унга боқиб:
– Эй Умар, йўл бўлсин? – деб сўраб эди, Ҳазрат Умар:
– Эй Наим, билгинки, шу қилич билан Муҳаммаднинг бошини кесиб, бутун халқни тинчитгали чиқдим. Чунки унинг сабабидин ота-боболаримиздин қолган динимиз хорланди, қариндош-уруғларимиз ажрашиб, бир-бирларига душманлашдилар. Энди уни ўлдирсам, ҳаммани бу ишдин қутқазган бўламан, – деди. Бу сўзни эшитиб, ул саҳоба айтди:
– Эй Умар, бу ишни сен осон чоғлама. Бошқани қўйиб, ўзингга қарасанг-чи, синглинг Фотима, куёвинг Саъд ибн Зайд – ҳар иккови Муҳаммадга имон келтириб, анинг динига кирдилар. Мана, сенинг бу ишдин хабаринг бормидур? – деди. Бу сирни айтишдин унинг мақсади эрса ҳазрат Умарни йўлдан қайтариш эди. У киши ўйлагандек, бу хабарни англаши билан ҳазрат Умарнинг қаттиқ ғазаби қўзғолди. Чунки ўзи хабарсиз, оиласида бундоғ ҳодисанинг пайдо бўлиши ҳеч кутилмаган иш эди. Уларга жазо бериш нияти ила дарҳол йўлидин ёниб (қайтиб), синглисининг уйига қараб жўнади.
Ҳаббоб ибн Арат деган саҳоба ҳар куни келиб, буларга Қуръон ўргатур эди. Бошқалардин эҳтиёт учун бир болани қоровул қилиб қўйган эдилар. Бу эса ҳазрат Умарнинг келаётганини кўриб, дарҳол кириб хабар берди. Шошганларидин Қуръон оятлари кўчирилган тахталарни дарров беркитдилар. Қуръон ўргатаётган устозлари ҳазрат Ҳаббобни бир жойга яширдилар. Шунинг устига ҳазрат Умар эшикдин кириб келди.
– Ҳой, сизлар мени араблар ичида бош кўтариксиз номусга қўйиб, Муҳаммадга имон келтирибсизлар, – деб, куёвлари Саъд ибн Зайднинг ёқасидин тутиб ургани турди. Буни кўриб синглиси Фотима чидаб туролмасдин ўзини эри устига отди. Орачилаб турган чоғида муштум тегиб кетиб, Фотиманинг бурнидин қон оққани турди. Сўнгра Фотима айтди:
– Энди бўларимиз бўлдик, ҳақ ишни яширмаймиз, бу кирган динимиздин ўлдирсанг ҳам қайтмаймиз! – деб акаси ҳазрат Умарнинг ёқасига осилди. Бош-кўзлари қон бўлиб, йиғлаб турган синглисига қараб, ҳазрат Умар ўзи ҳам хижолатга қолди. Қариндошлик меҳридин Фотимага кўнгли оғриб, хафалик билан узун ўтириб кетди. Бир фурсат ўтгандин сўнгра аччиқлари босилиб:
– Ҳой Фотима, ҳалиги мен киришимнинг олдида ўқишиб ўлтирган нарсаларингни келтиринглар, мен ҳам уни ўқиб кўрай, – деди. Ҳазрат Умарнинг хат-саводлари бор эди. Фотима айтди:
– Буни сизга беришдан, йиртиб ташлайсиз деб қўрқамиз. Ҳазрат Умар йиртмаслик шарти билан, ўқиб кўриш учун яна талаб қилди. Қарасалар, бир яхшилик бордек кўринади. Анда Фотима:
– Бу Қуръон оятлари Аллоҳ таоло сўзидур. Буни таҳоратсиз тутгани бўлмас, сизда таҳорат йўқдур, – деган эди:
– Таҳорат қандоқ бўлади, – деб сингилларидин ўрганиб, ғусл-таҳорат олди. Сўнгра тахта-порага кўчирилган Тоҳо сурасидин бир неча оятни икки-уч қайта ўқиб, аҳволлари ўзгарди. Имон нури кўнгилларига тобиш қилган (ёритган)дек бўлиб, маъюслик билан қараб турди.
– Ажабо, бу оятлар одам сўзига ўхшамайдиган, қандоқ яхши сўзлардур, – деди. Бу орада шунча гап ўтгунчалик, ҳазрат Ҳаббоб қўрққанларидин, яширинган жойида нафас чиқаролмай, хаб (тинч) ётган эди. Ҳазрат Умардин бундай яхши нишоналик сўз англаши билан ётган жойидин сакраб чиқиб:
– Эй Умар, сенга хушхабар! Абу Ҳакам билан сенинг ҳақингда қайси бир куни жаноб Пайғамбаримиз Худодин имон сўраб, дуо қилганларини кўрган эдим. Ул дуо сенинг ҳақингда қабул бўлганга ўхшайдур, – деган эди, Умар:
– Эй Ҳаббоб, мени Муҳаммадга бошлаб бор, Ислом динига кирурман, – деди. Буни англаб ҳаммалари суюнганларидин, такбир айтган ҳолда Арқам саҳоба уйига қараб йўлга чиқдилар. Пайғамбаримиз саҳобаларига Қуръон таълим бериб ўлтирур эдилар. Шул чоғда кўчага қўйган қоровуллари қўрққан ҳолда келиб, ҳазрат Умарнинг қилич осиниб келаётганидин хабар еткурди. Бу сўздин саҳобалар ташвишга тушдилар. Булар ичида Қуръон ўрганиш учун келган ҳазрат амир Ҳамза ҳам ўлтирган эди. У дедиким:
– Умар келган бўлса, эшикни каттароқ очиб қўйинглар. Агар ул яхшилик ила келган бўлса, биздин ҳам у яхшилик кўргай, агар ёмон ниятда келган бўлса, бул жойдин у соғ чиқолмайди. Ўз қиличи билан бошини кесгайман, – деди.
Сўнгра Пайғамбаримиз ҳам киришга рухсат бердилар. Қарасалар, ҳазрат Умарнинг юзи душманлар юзидек кўринмайди, саҳобалар баробар туришиб, эшик олдида ҳазрат Умарни қарши олдилар, Пайғамбаримиз анинг белидин ушлаб бир-икки силкитгандин сўнгра:
– Эй Умар, қайси ният ила келдинг? Худо сени чўчитмагунча тўхтамайсанми? – деганларида: .
– Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга ва унинг пайғамбарига имон келтириб, Ислом динига киргани келдим, – деди. Пайғамбаримиз бошлаб, шу жойдаги барча саҳобалар бу сўзни англашлари билан такбир садосини кўтардилар. Шул онда ҳазрат Умар ҳам ҳамманинг олдида шаҳодат айтиб, имонга мушарраф бўлди.
Араб баҳодирлари, Қурайш саййидларидин бўлган бу икки зот имон келтиришлари билан Ислом дини ривожланишга юз қўйди. Саҳобаларнинг ҳам кўнгиллари тинчиб, ўз уйларига тарқалдилар. Йўқ эса, булардин илгари душманлар андишасидин ўз жойларида ётиша олмай, Арқам саҳобанинг уйларига йиғилишган эди. Мана шундоқ бўлиб, ҳазрат Умар имонга киришлари билан мўминларнинг сони қирққа етди. Энди қирқ кишининг ҳиммати, нияти бир мақсад устига тўпланса, анинг “қирқи чиқди” демакдур. Сонлар ичида қирқ саноғи диний томондин қаралганда ҳам бир хосиятга эга эканлиги маълум бўлди.
1 Табароний. Ал-Муъжамул-кабир, 10/159; Ал-Муъжамул-авсат, 2/240, 11/255.
Давоми бор…
Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан