Kурбон Шайх ота ва ўгиллари
Қурбон Шайх (Мирқурбон) ота XVII аср охири XVIII аср бошларида яшаб ижод этган уламолардан. Тошкентнинг Минор маҳалласида туғилиб, ўша ерда улғайган. Даврининг ўқимишли инсонларидан илм ўрганиб, кейинчалик ўзи ҳам мадрасаларда устозлик қилган.
Замондошлари «шайх», «устоз» деб эъзозлаган Мирқурбон ота «Чўлдарахт» қабристонига дафн этилган.
Қурбон Шайх отанинг Мирисмоил исмли ўғли бўлиб, ёшлигидан илмга чанқоқ, ҳаракатчан, отасидан кўп илм ўрганган. У киши маҳалладошларини ҳам илм олишга чақириб, бир қанча кишиларнинг зиёли бўлишига сабабчи бўлган.
Мирисмоил бобонинг 4 нафар ўғли бўлиб, биринчиси, Мирфайзулла (1836–1921 йиллар), иккинчиси, Мирзоҳид (1840–1927), учинчиси, Миразиз (1856–1946) ва тўртинчиси, Мирабзал (Қорахон бува) (1858–1934) бўлган. Улар ҳам маҳалла ривожига катта ҳисса қўшган. Ер ўзлаштириб, боғ-роғлар барпо этган, деҳқончилик билан шуғулланган.
Фарзандлари улғайгач, Мирисмоил бобо Маккага – ҳаж сафарига тайёргарлик кўради. Бу тахминан 1895–1896 йилларга тўғри келади. Ўша даврда ҳажга бориш ўта оғир ва қийин эди. Мирисмоил бобо бир карвон билан пиёда йўл юриб, сувсиз чўлу саҳролардан омон-эсон ўтиб, манзилга етиб боради. Маккада бир йил қолиб кетади. Кейинроқ Мирисмоил ҳожи ота Маккада вафот этгани маълум бўлади.
1897 йили катта ўғли Мирфайзулла узоқ сафарга чиқади. Сўраб-суриштириб, отаси дафн этилган мозорни аниқлайди. Ота қабрини зиёрат қилиб, ҳаж амалини ҳам бажариб қайтган Мирфайзулла ота орадан икки йил ўтиб яна Макка сари сафарга чиқади. Иккинчи сафардан қайтгач, укалари, қариндош-уруғларини йиғиб маҳаллада 300 киши сиғадиган масжид қурилишида бош-қош бўлади. 1921 йили ҳожи ота вафот этганида, маҳалла аҳли маслаҳатлашиб, маййитни маҳалла мозорига эмас, шу масжиднинг ён қисми – шимолий-ғарбий томонига дафн қилишади. Масжид «Мирфайзулла ҳожи ота» номи билан аталади.
Ушбу сатрларни ўқиган азизлардан, барча марҳум мўмин-мусулмонлар қатори мақолада зикр қилинган аждодларимиз ҳақига ҳам дуои хайрлар қилишларини ўтиниб сўрайман.
Мирқурбон АБДУЛЛАЕВ
Тошкент шаҳри
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан