Мотуридия ақидасида имон масаласи
Маълумки, аҳли сунна вал жамоа ақидасида иккита мазҳаб: мотуридия ва ашъария мазҳаби бор. У икки мазҳаб орасида жузъий тафовутлар мавжуд. Ана шу тафовутлардан бири мўминнинг имони зиёда ва кам бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масаладир.
Ашъарийлар имон зиёда ва кам бўлади, десалар, мотуридийлар имон зиёда ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди, балки тоатибодатлар билан унинг нури ва қуввати зиёда бўлади, гуноҳ ва маъсиятлар билан унинг нури хира тортиб, заифлашади, дейдилар. Ҳар икки мазҳаб уламолари ҳам ўзларининг фикрларига Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан далиллар келтиради. Масалан, Қуръони каримда қуйидаги оятни ҳар икки мазҳаб уламолари ўзларича таъвил қилишган: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган кишилардир” (Анфол сураси, 2-оят).
Аслида у икки мазҳаб ўртасидаги тафовут лафзларни ҳар хил талқин қилишдадир.
Имоннинг зиёда ва кам бўлиши ёки бўлмаслиги масаласи имонга берилган таърифда имоннинг рукнлари борасидаги тафовут натижасида келиб чиққан.
Ашъарий мазҳабида имоннинг рукни учта: қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва амал қилишдир. Бизнинг мотуридия ақидамизда имоннинг рукни иккита: қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш. Амаллар имоннинг таркибига кирмайди. Айнан мана шу масала жуда ҳам кўп низоларга сабаб бўлган. Яъни, амалларни имоннинг таркибига киради дейиш билан, амал қилмаган кишини имонсиз дейиш келиб чиқади. Лекин ҳар икки мазҳабда ҳам кабира гуноҳ қилган кишини имонсиз, ёки кофир дейиш мумкин эмаслиги таъкидланган. Демак, бу масалада ҳам мазҳаблар ўртасидаги тортишув лафзий эканлиги аён бўлади.
Энди имоннинг зиёда ва кам бўлиш ёки бўлмаслиги масаласига қайтадиган бўлсак, юқорида айтиб ўтганимиздек, бизнинг мотуридия ақидамизга кўра имон зиёда ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди. Балки унинг нури зиёда ва кам бўлиб туради. Бу хусусда Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг “Ал-фиқҳул акбар” китобида бундай дейилган: “Имон – иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирилмиш нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқкамдирлар”.
Бу масала “Ақоиди насафия”да бундай баён қилинган: “Имон – Аллоҳ томонидан келган барча хабарларга тил билан иқрор бўлиб дил билан тасдиқ этишдир. Амаллар эса кўпайиб-озайиб туради. Имон эса кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам (балки унинг нури зиёда ва кам бўлиб туради)”.
“Ақидатут таҳовия”да бундай баён қилинган: “Имон бир бутун яхлит нарсадир. Имон аҳли бу жиҳатдан баробардирлар. Мўминлар бир-бирларидан Аллоҳдан қўрқувда, тақвода, нафсни тийишда ва яхши амалларни мудом қилиб юришда фарқ қилурлар”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу масала аҳли илм кишилар орасида маълум бўлиб, бу хусусда сўз юритишга фақат уларгина ҳақлидирлар. Илмсиз кишиларнинг тушунмасдан бу мавзу ҳақида сўз юритишлари хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 2-сонидан