Сўровчига сўрашдан олдин саволининг хабари берилиши
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ўтирган эдим, бири ансорийлардан[1] иккинчиси сақафийлардан[2] бўлган икки киши келди. Ансорий савол беришга шошилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Сақифнинг биродари! Ансорий саволи билан сендан ўзиб кетди-ку?” дедилар. Ансорий:
– Ё Расулуллоҳ! Мен саволни бошлаб бўлдим, – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сақафийга:
– Саволингни сўра, агар хоҳласанг, сен сўрамоқчи бўлган масаланинг хабарини сенга ўзим айтаман, – дедилар. Сақафий:
– Мана шу менга ажабланарлироқ, эй Расулуллоҳ! – деди.
– Сен тунда ўқийдиган намозинг ҳақида, руку, сажда, тутадиган (нафл) рўзанг ва жанобатда қандай ғусл қилишинг ҳақида сўраб келдинг.
– Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасам, мен айнан мана шуларни сўраш учун келдим!
– Тунда ўқийдиган (нафл) намозинг ҳақида жавоб берар бўлсам, туннинг аввалию охирида ўқигин, ўртасида эса ухлагин.
– Ё Расулуллоҳ! Агар кечанинг ўртасида намоз ўқисам, нима дейсиз[3]?
– Агар хоҳласанг, майли, ўқийвергин. Аммо руку қилаётганингда бармоқларингни очиб, кафтингни тиззангга қўй. Сўнг бошингни (рукудан қайтганингда) тик тутиб, қоматингни тўғри тутгин, ҳатто аъзоларингни ҳар бири ўз ўрнига келсин. Сажда қилаётганингда пешонанг ерга тўлиқ тегсин, шошилмагин, сажданг қуш дон чўқилагани каби (тез) бўлмасин. Тутадиган (нафл) рўзангнинг жавоби, ойнинг ёруғ кунларида – ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлари рўза тутгин, – дедилар. Сўнг ансорийга юзланиб:
– Эй ансорийлар биродари, ҳожатингни сўра, агар хоҳласанг сен сўрамоқчи бўлган нарсанинг хабарини ўзим айтаман, – дедилар. Ансорий:
– Мана шу менга ажабланарлироқ, эй Расулуллоҳ! – деди.
– Албатта, сен сўрамоқчи бўлган нарсалар, уйингдан “Байтул атиқ”ни[4] ҳаж қилишни қасд қилиб чиқасан ва “Бу ишимдан менга нима наф бор?” деб айтасан. Арафотда туришинг ҳақида сўрамоқчисан, “Бу ишимдан менга нима наф бор?” деб айтасан. Бошингдан сочингни олдирасан ва “Бу ишимдан менга нима наф бор?” деб айтасан. Байтуллоҳни тавоф қилишинг ҳақида сўрамоқчисан ва “Бу ишимдан менга нима наф бор?” деб айтасан. Шайтонга тош отишингдан сўрамоқчисан ва “Бу ишимдан менга нима наф бор?” деб айтасан.
Ансорий айтди:
– Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасамки, мен сўрамоқчи бўлган нарсалар айнан мана шулардир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Уйингдан “Байтул-ҳаром”ни[5] қасд қилиб чиқишингда, албатта, уловингнинг ҳар бир қадам босиб келгани учун сенга мукофот ёзилиб, ёмонликларинг ўчирилади. Арафотда турган вақтингда эса Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб фаришталарга: “Ана у бандаларим Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, азобимдан қўрқиб, турли томондан чуқурликлар ошиб (машаққатларга сабр қилиб) ҳузуримга келишибди. Ҳолбуки, улар мени кўришмаган, агар улар мени кўрсалар борми?” деб айтади.
Агар сенинг гарданингда бир тоғ қум ёки осмондан тушадиган ёмғир миқдоричалик ёки дунё кунлари адади миқдоричалик гуноҳинг бўлса ҳам сендан ювилиб кетади. Шайтонга тош отишинг жавобига келсак, бунинг савоби қанчалиги Раббинг ҳузурида сақлаб қўйилгандир. Соч олдиришинг жавоби, бошингдан тушган ҳар бир соч миқдорича сенга ҳасанотлар ёзилиб, гуноҳларинг ўчирилади. Байтуллоҳни тавоф қилганингда эса гуноҳларингдан бутунлай фориғ бўлган ҳолда чиқасан. Сенда гуноҳдан бирор нарса бўлмайди”, дедилар»[6].
[1] Яъни, мадиналиклардан.
[2] Қабила номи.
[3] Яъни, фикрингиз қандай, қарши эмасмисиз?
[4] “Ал-байтул атиқ” – қадимги уй, яъни Каъба.
[5] Яъни Каъба.
[6] Ҳасан ҳадис. Абу Нуъайм ва Имом Байҳақий ривоят қилган.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган