Тиббиёт тизимига ёпишган зарпечак. Унинг илдизи қачон қуритилади?
Президентимиз томонидан тиббиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганига қарамай, тизимда турли қонун бузилиш ҳолатлари, порахўрлик, тамагирлик, товламачилик, ўз ишига масъулиятсизларча муносабат ҳали ҳам давом этаётгани бор гап. Тизимга гўё зарпечак мисоли ёпишган бундай иллатлар унинг тараққий этишига мутлақо йўл қўймаяпти, аксинча, аҳолининг тиббий хизматга бўлган ишончига жиддий путур етказмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш борасидаги ишлар ҳақидаги ахборотини эшитишга бағишланган йиғилишда бу алоҳида таъкидланди.
— Соҳага эътибор давлат даражасида, — дейди Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Мақсуда Ворисова. — Ўзим узоқ йиллар ушбу соҳада ишлаган, уни ичидан биладиган инсон сифатида айта оламанки, ўзгаришлар бор. Тиббий хизмат сифати ҳам яхшиланмоқда. Лекин соҳасида кузатилаётган коррупция ҳали бартараф этилгани йўқ. Маълумотларга кўра, 2018-2019 йилларда соғлиқни сақлаш ходимларининг 581 нафари турли жиноятлар содир этиб, жавобгарликка тортилган. Шулардан 114 нафарининг қилган қилмиши коррупцион жиноят ҳисобланади.
Депутатлар таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш тизимида кадрларни, айниқса, ҳамшираларни ишга қабул қилишнинг шаффоф эмаслиги, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда бюрократия ва сансалорликнинг мавжудлиги тизимда коррупция учун шароит яратмоқда. Айрим шифокорларга токи қўли тўлгунича пора бермасанг, беморга қарамайди. Тамагирларнинг сони ортиб бормоқда. Танишинг бўлмаса, тақдирингдан кўрасан. Демак, бу иллатга қарши курашиш янада кучайтирилиши лозим, дейишди йиғилиш иштирокчилари.
Мавзу долзарб. Шу боис ахборот берувчиларга кўплаб саволлар берилди. Жавоблардан қониқиш ҳосил қилинмади.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашда ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳада электрон хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш, имтиёз асосида даволанишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда илғор ахборот технологияларини ҳаётга татбиқ қилиш орқали инсон омилини қисқартириш юзасидан таклифлар бериилди. Шу билан бирга, кадрларни қабул қилиш ва жой-жойига қўйиш тизимини қайта танқидий кўриб чиққан ҳолда, бу соҳада шаффофликни таъминлаш, вазирлик ва унинг тизимида “коррупцияга қарши ички аудит” тизимини доимий олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Вақт — олий ҳакам. Тиббиётда коррупциянинг илдизини батамом қуритишда эса фурсатни бой бермаслик зарур.
Дилшод КАРИМОВ,
Халқ сўзи”