Болани таҳорат ва намозга ўргатиш
Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Мухтасар”ида бундай дейди: “Боланинг ақли таҳорат ва намозга етадиган бўлганида отаси унга намоз ва таҳоратни ўргатади. Бироқ, болага таҳорат, намоз ва бошқа фарз ибодатлар ҳам то балоғатга етмагунича вожиб бўлмайди”.
Имом Абу Бакр Жассос раҳимаҳуллоҳ мазкур жумлани шарҳлаб айтадики: «Бунинг далили Робиъ ибн Сабра Жуҳаний отасидан (розияллоҳу анҳумо), у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисдир. Узот соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Бола етти ёшга етганида намозга буюрилади. Ўн ёшга етганида уларни намоз учун уринглар” (Имом Абу Довуд, имом Аҳмад ва имом Термизийлар ривояти).
Балоғатга етмаган болага фарз ибодатлар вожиб бўлмаслигининг далили Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қалам уч тоифадан кўтарилган: уйқудагидан то уйғонгунигача, жиннидан то хушига келгунича, гўдакдан то эҳтилом бўлгунича” деган сўзларидир (Имом Абу Довуд, имом Аҳмад ва имом Насоийлар ривояти).
Балоғатга етмаган болага рўза ва ҳажнинг ҳам вожиб эмаслиги борасида имомлар (мазҳаббошилар) ўртасида ихтилоф йўқ. Бундан бизга маълум бўладики, балоғатга етишдан олдин намозларга буюриш болани намозга ўргатиш, кўниктириш ва одатлантириш учун қилинар экан.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингиз ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг!» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Мазкур оятнинг тафсирида “уларга тарбия беринг ва ўргатинг”, дейилган (яъни уларни жаҳаннам ўтидан сақлаш шариат буюрган ишларни ўргатиш ва шариатга мувофиқ тарбия бериш билан бўлади)». (“Шарҳу Мухтасари ат-Таҳовий” 1-жуз, 723 – 724-бетлар).
Демак, ҳар бир мўмин киши аҳли оиласини, фарзандларини ибодатларга эртароқ ўргатишга ҳаракат қилмоғи лозим экан. Бу эса бола балоғатга етганида бемалол зиммасидаги фарзларни адо этиши учун замин ҳозирлайди. Акс ҳолда зиммасига ибодатлар фарз бўлиб қолган пайтда уларни ўрганиб, адо этгунича, балки кўникма ҳосил қилгунича талайгина вақт ўтиб кетади. Натижа унинг зиммасида бир қанча ибодатларнинг қазоси йиғилиб қолади. Бундай ҳолатга тушмаслик учун юқоридаги кўрсатма ва тавсияларга риоя қилиш керак бўлади.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ